18:30 / 17.11.2020
8533

Тожикистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард доллардан ошди

Фото: Иллюстратив

Тожикистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра Тожикистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард 163 миллион долларни ташкил этган.

Жорий йил бошида Тожикистон ташқи қарзи 2 миллиард 888 миллион долларни ташкил этган. Ўтган 9 ой мобайнида мамлакатнинг ташқи қарзи 275 миллион долларга ошган.

Маълум қилинишича, ташқи қарзнинг 95 фоиздан ортиғи – 3 миллиард 18 миллион доллардан кўпроқ маблағ давлат буюртмаларини бажаришга жалб қилинган. Ташқи қарз таркибида давлат кафолати билан олинган қарзлар 91,1 миллион долларни, турли корхоналарнинг давлат кафолатисиз олган қарзлари – 31,5 миллион долларни ташкил этади.

Тожикистон Миллий банкининг Халқаро валюта фонди, Хитой ва Ислом тараққиёт банки олдидаги қарзлари 22,5 миллион долларни ташкил этади. Жорий йил май ойида Халқаро валюта фондидан жалб қилинган 189,5 миллион доллар кредит ҳисобига Тожикистоннинг ташқи қарзи янада ортган.

Қўшни мамлакатнинг асосий кредитори Хитой ҳисобланади. Тожикистон бу давлатдан тахминан 1,2 миллиард доллар қарз. Халқаро молия бозорларида давлат заёмларини (евробондлар) жойлаштириш ҳисобидан олинган қарзлар 500 миллион долларни ташкил этади. Бундан ташқари, Тожикистоннинг Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро валюта фонди каби халқаро молия ташкилотларидан қарзлари бор.

Таққослаш учун, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи охирги маълумотларга кўра, 27,6 миллиард долларни ташкил этади.

Top