Ўзбекистон | 08:31 / 21.11.2020
6553
3 дақиқада ўқилади

Намангандаги янги туманнинг бошқарув тузилмаси белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бир ой муддатда Давлатобод туманини ташкил этиш билан боғлиқ зарур комплекс ташкилий ва техник тадбирлар режаси ишлаб чиқилади, деб ёзмоқда Norma.
 
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигига Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Давлатобод тумани маҳаллий бюджетининг ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрларини белгилаш топширилди.
 
Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Давлатобод тумани ҳокимлиги тегишли давлат органлари ва ташкилотлари бўлинмалари зарур бино-иншоот ҳамда моддий-техника воситалари билан таъминланади.
 
Наманган вилояти ҳокимлигига Давлатобод туманини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлашини, шунингдек юзага келадиган ижтимоий масалалар ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш топширилди.
 
Давлат статистика қўмитаси статистик кўрсаткичларни шакллантириш ва юритишда Давлатобод туманининг маъмурий ҳудудларини инобатга олиши лозим.
 
Давлат хизматлари агентлигига икки ой муддатда Давлатобод туманига ўтказилган маъмурий ҳудудда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик (почта) манзилини ўзгартириш топширилди.
 
Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга икки ой муддатда Давлатобод туманида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди.
 
Адлия вазирлигига Молия вазирлиги билан биргаликда Давлатобод туманида қўшимча штат бирликларини ажратган ҳолда, Адлия бошқармаси ва ФҲДЁ органини, шунингдек Давлат хизматлари марказини ташкил этиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш топширилди.
 
Молия вазирлиги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Давлатобод тумани ҳокимлиги ҳамда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг туман бўлинмаларини сақлаш харажатларини молиялаштириш чораларини кўриши лозим.
 
Қарорга иловаларда Давлатобод туманидаги давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари ва бошқарув ходимларининг сони, шунингдек янги туман ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси берилган.
 
Ҳужжат 12.11.2020 йилдан кучга кирди. 

Мавзуга оид