Жамият | 15:20 / 24.11.2020
12279
3 дақиқада ўқилади

Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик Муроджон ватанга қайтарилмоқда

Ўзбекистонлик Муроджон Россиянинг Санкт -Петербург шаҳрида оғир аҳволда қолганди. Унинг Kun.uz’га йўллаган оммавий мурожаатномасида таъкидланишича, иш берувчи меҳнат шартномасига амал қилмай, Муроджонга жисмоний зиён етказиш билан таҳдид қилган. Унга тегишли ҳужжатлар эса олиб қўйилган.

«Ўзбекистон президенти ва Ташқи ишлар вазирлигидан ёрдам сўрайман, менга ёрдам беринглар. Ҳаётим хавф остида», — дея бошланган унинг видео мурожаати.

Муроджоннинг айтишича, иш берувчи сўнгги пайтларда ўзини номуносиб тутиб, меҳнат шартномасига амал қилмай, иш ҳақини бермай қўйган. Тегишли шахсга оид ҳужжатлари олиб қўйилган Муроджон жисмоний хавф етказиш билан қўрқитилган.

«2 йилдан буён қўлида ишлаб турган одамим охирги пайтда ўзини одамларча тутмаяпти. Ҳаётимга тажовуз қиляпти. Ҳар бир дақиқада ўлдириши мумкин. Ёнида пистолет, пичоқ юради. Шунинг учун, илтимос, ёрдам сўрайман», — деган у.

«Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 4 моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ҳудудидан ташқарида амалга оширади. Шу туфайли Муроджон қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши важидан, ҳужжатларини қайтариб олиш учун консуллик ва ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасидан кўмак сўраб, мурожаат қилган.

«Санкт-Петербург шаҳридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига (ваколатхонаси – таҳр.) мурожаат қилдим. Вазиятимдан келиб чиқиб, менга ёрдам беришди. Барча ҳужжатларимни ўз қўлимга олдим», — дейди Муроджон кейинроқ йўллаган видео мурожаатида.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўриши белгиланган.

Ташқи ишлар вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, Муроджон айни пайтда хавфсиз бошпанага кўчирилган. Унинг ватанга қайтарилиши масаласи тез орада ижобий ечим топиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан 7 нафар, Москва шаҳридан 15 нафар қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини чартер рейс орқали ватанга олиб келингани ҳақида хабар берилганди.

24 ноябр куни агентлик расмий манбаларида ана шундай тоифадаги фуқаролардан яна Екатеринбургдан 1 нафари, Қозондан 2 нафари, Москвадан 2 нафари, Бошқирдистондан 5 нафари, Санкт-Петербургдан 7 нафари чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келингани хабар берилди.

Таъкидлаш жоиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти ва мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси кўмагида олиб келинаётган юртдошларимиз асосан, касалманд, ҳомиладор ва боқувчисини йўқотган фуқаролар тоифасига киради.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид