Ўзбекистон | 20:18 / 30.11.2020
26048
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқот қилди

Бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Жорий йилнинг декабр ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон раислигидаги МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

«Ўзбекистон ва Россия президентлари коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, ўзаро ташрифлар фаол амалга оширилмоқда, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва бошқа ҳамкорлик механизмлари унумли ишлаяпти, ўзаро савдо ҳажмлари ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича устувор лойиҳалар ҳамда гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилмоқда.

Президентлар халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий, дўстона ва конструктив руҳда ўтди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид