Ўзбекистон | 21:40 / 01.12.2020
10702
2 дақиқада ўқилади

Табиий газдан энг кўп ноқонуний фойдаланган ҳудудлар маълум қилинди

Аниқланишича, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳисобига давлат бюджетига энг кўп зарар етказилган.

«Ўзбекнефтгазинспекция» бошқарма бошлиғи Абдужаббор Позилов 2020 йил давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида маълумот берди.

Унинг айтишича, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний даромад олиш билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган.

«Инспекция ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида улгуржи истеъмолчилар томонидан содир этилган табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ўрганилди.

Аниқланишича, ушбу давр мобайнида республика бўйича 2183 та ҳолатда 62 млн куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва давлат манфаатларига 67 млрд сўмлик зарар етказилган.

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатини ҳудудлар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, Навоий вилоятида 408 та ҳолатда 6 млрд сўм, Тошкент вилоятида 330 та ҳолатда 18 млрд сўм, Андижонда 198 та ҳолатда 2,9 млрд сўм, Хоразмда 177та ҳолатда 3,3 млрд сўмлик газ талон-торож қилинган.

Шунингдек, Қашқадарёда 146 та ҳолатда 2,9 млрд сўмлик, Самарқандда 52 та ҳолатда 4 млрд сўмлик, Тошкент шаҳрида 33 та ҳолатда 12 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан газ таъминоти корхонаси томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган ва зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу ноқонуний ҳолатлар асосан ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган истеъмолчилар томонидан содир этилмоқда. Мисол учун, охак ишлаб чиқарувчи корхоналар 41 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланган ва давлатга етказилган зарар 3 млрд сўмни ташкил этган», – дея Абдужаббор Позилов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида рейд ўтказилгани ва натижада газ таъминоти корхоналарига 800 млн сўмдан ортиқ зарар етказилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид