20:58 / 04.12.2020
3587

Boeing 737 Max’га парвозлар тўхтатилгандан кейин биринчи буюртма олинди

Ирландиянинг Ryanair лоукостери 75 дона Boeing 737 Max самолётини харид қилишини эълон қилди. Бу харид ушбу турдаги самолётлардан фойдаланиш иккита авиаҳалокат сабабли 2019 йил март ойида тўхтатилгандан кейин уларга олинган илк буюртма ҳисобланади.

Фото: Boeing

Ryanair аввал буюртирган 135 дона 737 Max’га қўшимча яна 75 дона шундай самолёт сотиб олмоқда. Умумий ҳисобда авиакомпания паркида 210 та 737 Max бўлади. Харид қиймати 9 млрд долларни ташкил қилади.  

737 Max’лардан фойдаланиш улар иштирокида 6 ой ичида 2 та авиаҳалокат юз бергандан кейин бутун дунёда тўхтатилганди. Жорий ноябрда АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси 737 Max’ни эксплуатацияга қайтаришга рухсат берди. 3 декабрда эса 737 Max’нинг парвозлар тўхташидан кейин йўловчилар билан бирга илк парвози амалга оширилди. Бундай парвоз журналистлар учун American Airlines авиакомпанияси томонидан амалга оширилди. Ушбу турдаги самолётларда тижорий рейслар амалга ошириш декабр охиридан йўлга қўйилади. 

Ryanair’га мўлжалланган самолётлар 2021 йил баҳоридан етказила бошланиши, ёзгача эса компанияда 30 дона 737 Max бўлиши кутилмоқда. Европа авиация бошқармаси 737 Max’нинг эксплуатациясига ҳозирча рухсат бермаган, бироқ ушбу масала тез орада ҳал бўлиши мумкинлигини айтган.

Top