Ўзбекистон | 14:41 / 04.12.2020
43892
2 дақиқада ўқилади

Экспорт қилинган ўзбек мевасидан яна зараркунанда топилди

«Россельхознадзор» Ўзбекистондан келтирилган қуруқ мевада капер қўнғизи топилганини маълум қилди.

Фото: east-fruit.com

Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати («Россельхознадзор») импорт қилинган ўзбек қуруқ мевасида карантинли зараркунанда – капер қўнғизи мавжудлигини аниқлагани ҳақида хабар берилди.

«Ўзбекистондан келтирилган 1 тонна қуритилган ўрик мевасини фитосанитар карантин текширувидан ўтказиш тадбирида капер қўнғизи (Trogoderma granarium Ev.) аниқланди. Зараркунанда личинка ҳолида бўлиб, бир кило товарда иккита топилган», — дея хабар беради РИА.

«Россельхознадзор» мамлакатда барқарор фитосанитар шароитни сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон қуруқ мева ва ёнғоқ маҳсулотлари импортига тақиқ қўйиш талабини илгари суриши мумкин.

Идора хабарига кўра, айни пайтда томонлар мазкур масала юзасидан музокара олиб боришмоқда.

Аввалроқ, Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизматининг («Россельхознадзор») расмий веб-сайтида Ўзбекистондан Россияга қалампир ва помидор маҳсулотларининг кириб келиши учун вақтинчалик тақиқ қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид