Ўзбекистон | 08:45 / 05.12.2020
8724
3 дақиқада ўқилади
«Мажбурий суғурта турлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди
Қонун мажбурий суғурта турлари бўйича муносабатларда қўлланилиши керак бўлган асосий принциплар ва қоидаларни белгилайди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Мажбурий суғурта турлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қонуннинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
- мажбурий суғурта турлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш;
- мажбурий суғурта соҳасини барқарор ривожлантириш;
- мажбурий суғуртани амалга оширишда илғор инновацион технологиялардан фойдаланиш;
- суғурта соҳасининг жамият учун фойдалилиги ва ишончлилигини таъминлаш;
- мажбурий суғуртадан жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатдор бўлишини таъминлаш;
- суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назоратини кучайтириш;
- мажбурий суғурта соҳасида рақобат, ҳалоллик ва ошкораликни таъминлаш ва ривожлантириш.
Мажбурий суғурта турлари:
- иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси;
- транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси;
- ташувчининг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси;
- хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси;
- объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилишдан иборат.
Мажбурий суғуртанинг умумий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
- оммавийлик - суғуртани амалга ошириш мажбурияти жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг катта қисмига тегишли бўлиши ёки мажбурий суғурта бўйича суғурта ҳодисаси содир бўлиши оқибатларидан жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг катта қисми манфаатларининг ҳимоя қилиниши;
- умумийлик - суғурталовчи ёки суғурта қилдирувчи тоифасига кирадиган барча шахслар қонунда белгиланган талабларни бажариши керак;
- комплекслик - суғурталаниши керак бўлган барча объектлар суғурта қилиниши шарт;
- мажбурийлик - суғурта қилдирувчи қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда мажбурий суғуртани амалга ошириши шарт;
- мажбурий суғуртани осонлик билан амалга ошириш имконияти - тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда суғурталовчи суғурта қилдирувчи мажбурий суғуртани қийинчиликларсиз амалга оширишига имкон берадиган суғурта инфратузилмани яратиши лозим;
- бир хиллик - суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи иштирок этишидан ва ушбу суғурта республиканинг қайси ҳудудида амалга оширилишидан қатъи назар, мажбурий суғуртанинг шартлари, суғурта қилиш ва суғурта ҳодисасини кўриб чиқиш тартиби қонун билан белгиланади;
- етказилган зарарни қоплаб берилиши кафолати - мажбурий суғурта бўйича суғурта ҳодисаси натижасида жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар ўрни ушбу қонунда назарда тутилган тартибда қоплаб берилиши кафолатланади;
- даромадлилик меъёри - суғуртани амалга ошириш мажбурияти даромади юқори бўлмаган шахсларга ҳам юклатилиши мумкинлиги ҳамда суғурталовчилар мажбурий суғуртани тижорат тамойиллари асосида амалга оширишини ҳисобга олиб, суғурта мукофотлари миқдори иқтисодий асосланган тариф ва коэффициентлар асосида белгиланиши таъминланади.
Мавзуга оид
14:31 / 13.11.2024
Хизматда жароҳат олган ҳарбийларга суғурта тўлови берилади
20:40 / 06.11.2024
AstraZeneca акциялари қиймати Хитойдаги терговлар фонида тушиб кетди
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
17:41 / 11.07.2024