Жаҳон | 11:16 / 09.12.2020
12231
2 дақиқада ўқилади

Tesla 9 кун ичида 100 миллиард долларга қимматлади

Фото: AP

Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг Tesla компанияси S&P 500 индексига киритилишига ҳали 2 ҳафта бор бўлса-да, қимматлашда давом этмоқда. Жумладан, компания охирги 9 кун ичида 100 миллиард долларга қимматлашди.   

Nasdaq’нинг хабар беришича, компаниянинг умумий қиймати 600 млрд доллардан ошди. 7 декабрда компания акциялари 7,1 фоизга қимматлашиб, бир донаси нархи 641 долларга етган.

Ушбу натижа ҳисобига компания Amazon, Facebook, Apple, Alphabet ва Microsoft компанияларидан кейин капиталлашуви 600 млрд доллардан юқорироқ бўлган дунёдаги 6-компанияга айланди.

Tesla акциялари 21 декабрдан S&P биржа индексига киритилади. Компания ушбу индексга киритилиши 16 ноябрда маъқуллангандан кейин 220 млрд долларга (57 фоизга) қимматлашган.

Таҳлилчиларнинг прогнозига кўра, Tesla акциялари нархи йил охиригача 780 долларга етиши мумкин.

Бундай натижалар ортида Илон Маскнинг бойлиги 152,9 млрд долларга етган. 

Маск бир неча ҳафтадан бери дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 2-ўринни эгаллаб келмоқда. Жорий йилнинг ўзида тадбиркорнинг бойлиги 120 млрд долларга кўпайган.  

Айни вақтда Маск бу борада Amazon раҳбари, 185 млрд долларга эга Жефф Безосдангина ортда қолмоқда.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид