Спорт | 14:33 / 10.12.2020
5200
2 дақиқада ўқилади

«Нефтчи» - «Андижон» учрашуви 15 декабрь куни Фарғонада ўтказилади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси «Нефтчи» - «Турон» (0:1) учрашувидаги воқеалар якуни бўйича Фарғона клубига нисбатан жазо чораларини эълон қилди. Унга кўра, клуб молиявий жаримага тортилган ва аксарият футболчилар дисквалификация қилинган бўлса-да, «Нефтчи» клуби Суперлига ўтиш ўйинида иштирок этадиган бўлди. 

Фото: Tribuna.uz

Регламентга биноан, Суперлигага ўтиш ўйини Про лигада 2-ўринни олган ва Суперлигада 13-ўринни эгаллаган жамоа ўртасида бўлиб, бир ўйиндан иборат учрашув Про лига стадионида ўтиши лозим. Шу боис «Нефтчи» «Андижон»га қарши ўйинни уй майдони саналмиш Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказади.

ЎФА Интизом кодексининг 5.4-бандига асосан клуб стадиони 3та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш интизом чораси қўлланилгани учун «Истиқлол» стадионидаги бу ўйинда томошабинлар киритилмайди.

ПФЛ расмий сайтининг маълум қилишича, «Нефтчи» - «Андижон» учрашуви 15 декабрь куни ўтказилади. «Истиқлол» стадионидаги ўйин соат 14:00да бошланиб, ТВ орқали трансляция қилинади. 

Қайд этиш жоиз, Суперлига йўлланмаси учун кечадиган плей-офф баҳсида «Нефтчи» жиддий йўқотишлар билан майдонга тушади. Жамоа бош мураббийи Абдусамад Дўрмонов истеъфога чиқарилгач, жамоани ўйинга ёрдамчи мураббийлар тайёрламоқда. Узоқ муддатга дисквалификация қилингани сабабли дарвозабон Шерзод Абдураимов, ҳимоячи Санжар Зокиров, яримҳимоячи Жамшид Тўрақулов, Про лиганинг энг яхши тўпурари Достон Тошматов «Андижон» билан ўйинга майдонга туша олмайди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид