Жамият | 16:31 / 11.12.2020
8016
2 дақиқада ўқилади

ЙПХ инспекторига тан жароҳати етказган фуқарога суд ҳукми ўқилди

2020 йил 11 август куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган М-39 Тошкент-Термиз автомагистрал йўлининг 983-километрида, “Саёҳат” чойхонаси атрофида “Ваз-21063” ва “Нексия-3” русумли автомашина ўртасида содир этилган йўл транспорт ҳодисаси бўйича чақирувга асосан хизмат вазифасини бажариш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲХБ 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори Комил Бўриев ҳодиса жойга етиб борган.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, шундан сўнг вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими К.Бўриев содир этилган йўл транспорт ҳодисаси бўйича ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Нексия-3” русумли автомашина ҳайдовчисидан автомашина ҳужжатларини тақдим этишини сўраганида, ушбу автомашина йўловчиси уларнинг суҳбатига асоссиз аралашиб, ИИБ ЙҲХБ ходими К.Бўриевга автомашина ҳужжатларни беришни рад қилган.

Қайд этилишича, воқеа жойидан кетишга уринган вақтда у автомашина ҳайдовчи ўриндиғига ўтирган ИИБ ЙҲХБ ходими К.Бўриевга фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат кийимида бўлган боди камераси ҳамда кўкрак нишонини тортиб олиб, хизмат кийимининг чап елка погонини юлиб ташлаб, тугмаларини йиртиб, қўли билан ўнг қулоқ, ўнг юз юқори қисмига ва ўнг пастки жағ қисмига, чап елка ўрта қисми, кўкрак қафасига уриб, соғлигининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказган.

Суд фуқарога жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, қарамоғида 4 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оиласида ягона боқувчилигини, жабрланувчига етказилган зарарни ўз ихтиёри билан тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб уни Жиноят кодекси 219-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топиб, унга шу модда билан иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Мавзуга оид