Ўзбекистон | 13:42 / 16.12.2020
10735
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида ичимлик суви нархини ошириш таклиф этилди

Тошкент шаҳри ҳокимининг «Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада айтилишича, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ амалдаги тарифи бўйича 2019 йилда 58,8 млрд сўм, 2020 йил 8 ойлигида 21,3 млрд сўм молиявий зарар кўрган.

Тизимда янги лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий кредитларни ўз вақтида қайтариш, тармоқлар ва иншоотлардаги носозликларни вақтида бартараф этиш зарурлигини инобатга олиб, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖнинг ҳозирги кунда амалда бўлган тарифини ошириш мақсадида қуйидаги нарх даражаларида белгилаш таклиф этилади.

1 кубометр ичимлик суви учун тарифлар:

  • аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 310 сўмдан 500 сўмга (161,2 фоиз)га
  • тижорат ташкилотлари учун 730 сўмдан 1500 сўмга (205,4 фоиз)га ўсиши;.

Канализация хизматлари учун тарифлар:

  • аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 250 сўмдан 350 сўмга (140 фоиз)га
  • тижорат ташкилотлари учун 460 сўмдан 820 сўмга (178,2 фоиз)га ўсиши кутилмоқда.

Айни вақтда ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси босқичида. 

Бундан аввалроқ Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳам ичимлик суви нархи қимматлашиши кутилаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид