Ўзбекистон | 20:13 / 23.12.2020
7188
2 дақиқада ўқилади

2021 йил учун инвестиция ва ташқи савдо соҳасига доир вазифалар белгиланди

Пандемияга қарамай, 2020 йилда Ўзбекистонга 6,6 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий сармоя кириб келгани айтилди. Келаси йил бу кўрсаткич 7,5 миллиард доллар бўлиши мақсад қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо соҳасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, коронавирус пандемиясига қарамай, 2020 йилда Ўзбекистонга 6,6 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий сармоялар ўзлаштирилган. Келгуси йили 7,5 миллиард доллардан зиёд тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш мақсад қилинган.

Йил якуни бўйича 15 миллиард долларлик экспорт амалга оширилиши кутилмоқда. 2021 йилда эса экспорт ҳажми 17 миллиард доллар атрофида бўлиши прогноз қилинган.

Шавкат Мирзиёев 2021 йилда жалб этиладиган тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига 226 та йирик лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, 69 та истиқболли янги саноат лойиҳасини сифатли амалга ошириб, иқтисодиёт ўсишига қўшимча захира яратиш вазифаси қўйилди.

Бунда асосий драйвер соҳалар бўлган кимё, энергетика, машинасозлик, геология, электротехника, фармацевтика ва енгил саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилади.

1 январдан бошлаб, халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича янги тизим жорий этиш, ҳар бир лойиҳада белгиланган маблағларни самарали ўзлаштириш ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида «Лойиҳа офислари» раҳбар ва ходимлари малакасини ошириш ва уларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент мутасаддиларга экспорт шартномаларини ҳозирданоқ тузиш, 1 январдан Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва унинг ўринбосарлари шу вазифаларни бажариш бўйича режалари юзасидан ахборот берди.

Мавзуга оид