13:14 / 24.12.2020
3909

Депутатлар фазовий маълумотларга оид қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан киритилган “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинмоқда.

Фото: NASA

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад фазовий маълумотларни яратиш ва фойдаланиш ҳамда Фазовий маълумотлар миллий инфраструктурасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳаларида муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши натижасида махсус ваколатли давлат органи томонидан Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси таркибида геопорталлар тармоғи яратилиб, фазовий маълумотларга оид қуйидаги хизматлар кўрсатилади.

  • ахборот тармоқларидаги фазовий маълумотларни ва фазовий маълумотлар сервисларини аниқлашни таъминлайдиган қидирув;
  • фазовий маълумотларни, геофазовий объектларнинг тавсифлари ва метамаълумотларнинг мазмуни тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиш;
  • фазовий маълумотлардан фойдаланилишини ёки уларнинг кўчирма нусхаларини олишни таъминлаш;
  • фазовий маълумотлар координаталарини бир координаталар тизимидан ёки картографик проекциядан бошқасига ўтказишни ва ўзгартиришни таъминлайдиган координаталар операциялари.

Шунингдек, қонунда фазовий маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш, фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини юритиш тартибини белгилаш, оммавий фойдаланиш учун очиқ бўлган фазовий маълумотлар рўйхатларини шакллантириш, фазовий маълумотлар соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш Вазирлар Маҳкамаси ваколатига берилиши назарда тутилмоқда.

Август ойида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинганди. Муҳокама жараёнида қонун ташаббускорлари Ўзбекистон ҳозирда сунъий йўлдошни ижарага олиш борасида иш бошлангани ва тез орада бу амалга оширилишини маълум қилганди.

Top