Жаҳон | 23:04 / 25.12.2020
15457
3 дақиқада ўқилади

Россияда 2020 йилда энг бойиган миллиардерлар ўнталиги эълон қилинди 

Forbes нашри талқинига кўра, россиялик сенатор Сулейман Керимов 2020 йилда энг бойиган россиялик миллиардер бўлди. Унинг бойлиги бир йил ичида 11,555 млрд долларга кўпайган.  

Сулейман Керимов / Фото: ТАСС

Нашр якунлаётган йилда бойлиги кўпайган 10 нафар россиялик миллиардер рейтингини тузди. Унга Сулейман Керимов етакчилик қилмоқда. Миллиардернинг бойлиги бир йил ичида 11 млрд доллардан кўпроққа ортиб, умумий ҳисобда 20,913 млрд долларга етган. 

Маълум қилинишича, Керимовлар оиласи “Полюс” олтин қазиб олувчи компаниянинг 78,6 фоиз акциясига ва “Махачкала” халқаро аэропортига эгалик қилади. Сенатор ва унинг оиласининг бойлиги олтин нархининг ошиши ва бунинг натижасида “”Полюс” акцияларининг қимматлашиши ҳисобига кўпайган. Таъкидланишича, компания акциялари бир йил ичида бир донаси учун 6771,5 рублдан 15493 рублгача қимматлашган.       

2-ўринни Universal Cargo Logistics компанияси ва НЛМК’га эгалик қилувчи Владимир Лисин эгаллаган. Миллиардернинг бойлиги бир йил ичида 5,413 млрд долларга кўпайиб, умумий ҳисобда 26,19 млрд долларга етган. Лисин бундай натижага пўлат нархи ошгани ҳисобига эришган.     

Етакчи учликка USM Holdings эгаларидан бири ва “Коммерсантъ” нашриёт уйи эгаси Алишер Усмонов ҳам киритилган. Миллиардернинг бир йил ичида капитали 3,636 млрд долларга кўпайиб, жами 16,182 млрд долларга етган. Бунда тадбиркорга металлургия соҳасидаги юқорилаш ёрдам берган. 
 
4-ўринни Владимир Потанин эгаллаган. Унинг бойлиги бир йил ичида 2,758 млрд долларга кўпайиб, 26,582 млрд долларга етган. 5-ўринга бир йил ичида бойлиги 2,466 млрд долларга ортиб, 22,687 млрд долларга етган Алексей Мордашов қўйилган.

Рейтингга, шунингдек, Россия Давлат думаси депутати Андрей Скоч ва унинг оиласи (6-ўрин, бир йилда ўсиш - 2,272 млрд доллар, умумий бойлик - 7,367 млрд доллар), Магнитогорск металлургия комбинатининг асосий эгаси Виктор Рашников (7-ўрин, ўсиш - 1,423 млрд доллар, умумий бойлик - 10,293 млрд доллар), Роман Абрамович (8-ўрин, ўсиш - 1,33 млрд доллар, умумий бойлик - 13,694 млрд доллар), Леонид Богуславский (9-ўрин, ўсиш - 1,256 млрд доллар, умумий бойлик - 3,153 млрд доллар) ва Виктор Харитонин (10-ўрин, “Фармстандарт” асосчиларидан бири ва коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаётган “Биокад” эгаларидан бири, ўсиш - 1,226 млрд доллар, умумий бойлик - 2,439 млрд) киритилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид