Ўзбекистон | 10:08 / 25.12.2020
7573
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этади 

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мамлакат тарихида илк марта ўтказилаётган ушбу йирик тадбирни ташкил этиш ташаббуси давлат раҳбари томонидан шу йил 20 ноябр куни илгари сурилган.

“18 декабр куни Тошкент шаҳрида бошланган форум тадбирлари янада кенг кўлам касб этиб, юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди. Ёшларимиз вазир ва ҳокимлар билан очиқ мулоқот қилиш, ҳокимият ва бошқарув органларининг бошқа вакиллари билан учрашиш, етакчи эксперт ва жамоатчилик фаоллари билан муҳокамаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди”, — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бугунги тадбир Ўзбекистон ёшлари форумининг мантиқий якуни бўлади.

Президент форумда нутқ сўзлайди ва ёшлар билан мулоқот қилади. Тадбирнинг ўзида 3 минг 300 нафардан зиёд, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафар йигит-қиз қатнашиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид