Ўзбекистон | 07:30 / 28.12.2020
5404
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда корхоналар байрам корпоративлари ўтказмаслик бўйича огоҳлантирилди

Самарқандда фаолият юритаётган корхоналар янги йил кириб келиши арафасида байрам корпоратив тадбирлари ўтказмаслик бўйича огоҳлантирилди.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бу борада ташкилотларга огоҳлантириш эълон қилди: «Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси вилоятдаги барча ташкилот, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларни турли хил корпоратив байрам тадбирларини ташкил этмаслик бўйича яна бир бор огоҳлантиради», дейилади ИИБ эълонида.

Бу огоҳлантириш коронавирус билан боғлиқ ҳолат мураккаблашмаслиги учун берилган. Бутун дунёда, хусусан, Европада эпидемиологик ҳолат яна мураккаблаша бошлагани сабаб Ўзбекистон ҳам эҳтиёт чораларини кўра бошлади. Британияда коронавируснинг мутацияга учраган янги тури тарқалгани сабаб Ўзбекистон Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва ЖАР билан авиақатновларни 10 январга қадар тўхтатганди.

Айни дамда 76 минг 751 нафар ўзбекистонлик коронавирус юқтирган. 613 киши вирус сабаб ҳалок бўлган.

Мавзуга оид