Жаҳон | 09:41 / 02.01.2021
17319
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Трампнинг тақиқига қарамай, ҳарбий бюджетни қабул қилди

АҚШ Конгресси президент Доналд Трампнинг 2021 йилги молиявий йил учун мамлакат мудофаа бюджетини қабул қилишга қарши ветосини бекор қилди ва янги йил учун ҳарбий бюджетни тасдиқлади.

Фото: Getty Images

Мамлакат сиёсати учун муҳим бўлган бу қарорни қабул қилиш учун Сенат 1 январ куни йиғилди. Олдинроқ Вакиллар палатаси ветони бекор қилиш бўйича қарор қабул қилган эди. Трампнинг ветосини бекор қилишни қўллаб 81 нафар сенатор овоз берган бўлса, 13 сенатор бунга қарши чиқди. Қарор қабул қилиш учун эса овоз берганларнинг учдан бири маълум танловни амалга ошириши етарли эди.

Трампнинг тарафдорлари бўлган республикачилар партияси етакчиси Митч Макконнелл ҳам ҳарбий бюджет қабул қилиниши учун қўлидан келганини қилишини айтди: «Ўз хоҳишига кўра ҳарбий либос кийган мард аёл ва эркакларимиз эркин ишлаши учун йиллик ҳарбий бюджет вақтида қабул қилиниши муҳим. Биз 59 йилдан буён узлуксиз ҳарбий бюджет тўғрисидаги қонунни қабул қиляпмиз ва 60-марта ҳам шундай бўлади. Қонун Конгресс якшанба куни ўз фаолиятини якунлагунига қадар қабул қилинади», деган у.

Трампга нима ёқмаган эди?

2021 йил учун АҚШ ҳарбий бюджети 740 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда. Трамп эса уни қабул қилишдан аввал бир нечта ўзгартириш кераклигини, миллий хавфсизлик борасидаги бу ўзгаришлар қилинмаса, ҳарбий бюджет лойиҳаси Хитой ва Россия учун совға бўлишини айтганди. Қонун лойиҳасидаги АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан чекланган миқдорда олиб чиқиш қарори ўзгартирилгани ва АҚШнинг баъзи ҳарбий базалари фуқаролар урушида қатнашган ҳарбийлар шарафига қайта номланиши Трампга ёқмаган.

«Бу қонун лойиҳасига миллий хавфсизлик бўйича жуда муҳим чора-тадбирлар киритилмаган. Унда собиқ ҳарбийларимизга, ветеран ва ҳарбий тарихимизга ҳурматсизлик бор. Шунингдек, бу қонун биз халқаро сиёсатда кўзлаган мақсадларимизга эришиш учун етарли даражада яхши тузилмаган», деган Трамп.

АҚШ президенти 2021 йилги ҳарбий бюджет тўғрисидаги қонунга ижтимоий тармоқдаги постлар учун жавобгарлик бандини киритмоқчи ҳам бўлган.

«Сенатимиз йирик технологик компанияларга чекланмаган имконият яратувчи 230-параграфдан қутулиш имконини қўлдан чиқарди (бу параграф онлайн платформалар, хусусан, ижтимоий тармоқларни уларнинг фойдаланувчилари ёзган постлар учун жавобгарликдан озод қилади). Улар Хитой вирусидан жабрланган одамларга 2 минг доллар ўрнига 600 доллар бермоқчи. Бу камситиш! Даҳшат!» — деб ёзди Трамп Твиттердаги саҳифасида унинг ветоси бекор қилингач.

Нега Конгресс бундай қилди?

АҚШ қонунчилигига кўра, Конгресс қандайдир қонун лойиҳасини қабул қилса, уни президент ўз имзоси билан тасдиқлаши керак. Агар президент Конгресс қабул қилмоқчи бўлган қонунга қарши бўлса, унинг қабул қилинишига қарши вето (чеклов) қўйиши мумкин. Бироқ қонун қабул қилиниши зарур деб ҳисобланса, сенаторлар ўртасида овоз бериш жараёни ўтказилиб, уларнинг учдан бир қисми ветони бекор қилишни қўлласа, президент киритган чеклов бекор бўлади.

60 йилдан буён ҳали бирор марта АҚШ ҳарбий бюджети тасдиқланмай қолмаган ва Трампнинг ветоси бекор бўлмаса, бу тарихий воқеа бўларди. Трампнинг доимий танқидчиси ҳисобланувчи Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пэлосининг фикрича, Трампнинг ветоси бекор бўлиши ҳукумат ва президент қарашларидаги катта фарқни кўрсатиб, бу факт узоқ йил мамлакат хавфсизлигига дахл қилиб келганини исботлайди: «Мамлакатимиз йирик киберҳужум нишони бўлаётган бир вақтда президентнинг бу қадар масъулиятсизлигини тушуниб бўлмайди», деган Пэлоси.

Маълум бўлишича, Трампнинг маслаҳатчилари уни вето қўйиш қароридан қайтаришга уринган. Қизиғи, Трамп бунгача саккизта қонун лойиҳасини қайтаришга уринган, лекин ҳар сафар унинг қарори қонунчилар томонидан бекор қилинган.

Янги қонун Россиянинг «Шимолий йўналиш-2» газ ўтказиш йўналишига нисбатан санкцияларни кенгайтириш масаласини кўриб чиқиш имконини беради. Маълум бўлишича, эндиликда «Шимолий йўналиш-2»га ҳар қандай ёрдам кўрсатган, техник хизмат қилган, деталлар етказиб берган, унинг ижарасидан пул ишлайдиганлар, бунга алоқадор ҳар қандай фирма АҚШ санкцияларига учрайди. Шунингдек, ҳарбий бюджет тўғрисидаги қонунда Туркияга қарши янги санкциялар, Украинага аскар киритиш, Россия билан умуман ҳарбий ҳамкорлик қилмаслик масалалари ҳам кўтарилган.

Мавзуга оид