Ўзбекистон | 14:40 / 05.01.2021
45344
8 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари жипслашуви: интеграция йўлидаги муаммолар ва истиқбол

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўзаро кам учрашади. Мураккаб минтақавий ва йирик давлатларнинг зиддиятли муносабатлари қуршовида қолган Марказий Осиё мамлакатлари собиқ СССР таркибидан де-юре ажралиб чиқиб, ўз мустақилликларини эълон қилганликларининг 30 йиллигини жорий йилда нишонлайди. Хўш, уларнинг келгуси учрашуви қачон ва давлатлар мулоқоти нимага хизмат қилмоқда?

Фото: Wikipedia

Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган, энг йирик инсон салоҳияти ҳамда барча минтақа мамлакатлари билан умумий чегарага эга ягона давлат – Ўзбекистон. 2016 йил охиригача давлат чегаралари миналаштирилган, cув ва газ захираларидан оқилона фойдаланиш бўйича даҳанаки тортишувлар, ўзаро четлаб ўтиш ва ташқи сиёсий-иқтисодий манфаатларга қарам бўлмасликка йўналтирилган мухтор нақлиёт ҳамда темир йўлларининг барпо этилиши натижасида минтақада ишончсизлик кайфияти кескинлашиб кетганди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам ниҳоятда чекланган эди.

Сиёсий музлар анча эриб, 2017 йил 17 сентябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилгани» ва «бу тенденциянинг мустаҳкамланиши Марказий Осиё давлатлари президентлари мунтазам учрашувлар ўтказиши учун имконият яратиши» ҳақидаги дастурий нутқини сўзлади.

Ундан аввал, 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017–2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегиясининг «чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар» дея тавсифланган 5.2-бандида: «Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш» тамойили белгилаб қўйилган. Фикримизча, «ён-атроф» атамаси ортида Афғонистон ҳам назарда тутилган.

Шундай қилиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳатлашув учрашуви 2018 йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда навбатдаги учрашувлар Наврўз байрами арафасида, чунончи иккинчи учрашувни Тошкентда 2019 йил ўтказилиши эълон қилинган эди. Аммо Нурсултон Назарбоевнинг 2019 йил 19 март куни тўсатдан президентлик ваколатларини ўзидан соқит қилиши ушбу учрашувни кечроқ муддатга қолдиришни тақозо этди. Ва ниҳоят узоқ кутилган Тошкент учрашуви ўзбек дипломатиясининг қатор музокара ва саҳна орти мулоқотлари натижаси ўлароқ ўша йили 29 ноябрда бўлиб ўтди.

Ушбу учрашувларнинг ташаббускори бўлмиш Ўзбекистон ўзи мезбонлик қилган учрашувда, биринчи анжумандан фарқли ўлароқ, Туркманистон парламенти раисаси эмас, шахсан Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди. Аммо ўша кезда негадир бизга номаълум протокол қоидаларига биноан Қозоғистондан амалдаги президент эмас, унинг биринчи президенти қатнашди.

Шунингдек, Тошкент учрашувида кейинги йиғилишни Бишкекда ўтказиш келишиб олинган эди. Аммо 2020 йилда кетма-кет дунё юзини кўрган COVID-19 офати ҳамда инқилоблар юрти Қирғизистонда бўлиб ўтган навбатдаги беқарорликлар ушбу учрашувнинг ўтказиш муддатини 2021 йилга суришга мажбур этди.

Хўш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувларини мунтазам равишда ўтказишга нималар тўсқинлик қилиши мумкин?

Ўзи Марказий Осиё давлатлари интеграцияси устида ўтган асрнинг 90-йилларидан бери бош қотириб келинади ва сўнгги учрашувлар минтақа етакчиларининг илк учрашуви эмас.

1993 йилдаёқ Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти тузилиб, унга 1998 йилда Тожикистон ҳам аъзо бўлиб, қўшилди. 2002 йилда ҳамжамият Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти (МОҲТ)га ўзгартирилиб, унга 2004 йилда минтақа ташқарисидаги Россия қўшилади ва қутблар мувозанатини ўзгартириб юборади.

У пайтда МОҲТга аъзо давлатлар параллел равишда Москва етовидаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕИҲ)га ҳам аъзо эди. Бир йил ўтиб, 2005 йилда «иккала ташкилот вазифалари такрорланмоқда» деган важ билан, Марказий Осиё давлатлари Россиядан мустақил бўлган ўзаро интеграцияга чек қўйилади, бу  эса келгуси иттифоқсизлик ва парокандаликларга йўл очиб беради.

Кўп эҳтимол билан Туркманистон президентининг Тошкент учрашувига бепарво бўлмаганини Шавкат Мирзиёев билан мавжуд қалин муносабатлари ва ўзаро ҳурмат билан боғлаш мумкин. Чунки Ўзбекистон раҳбари президент инаугурациясидан сўнг ташриф буюрган илк мамлакат айнан Туркманистон эди.

Аслида Туркманистон давлатчилиги бетарафлик сиёсатига асосланади ва бу БМТнинг тегишли қарори билан мустаҳкамланган. Тожикистон ва Қирғизистон умумий чегарасида ушбу учрашувлардан сўнг, ҳатто коронавирусга чалиниш авж палласига чиққан дамларда ҳам, қатор тўқнашувлар содир бўлди. Ажабланарли томони, иккала мамлакатда ҳам Россиянинг ҳарбий базаси бор. Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси бепоён Россия Федерацияси ҳудуди ташқарисидаги энг йирик ҳарбий объект ҳисобланади.

Ҳозиргача ялпи ички маҳсулоти ҳаминқадар бўлган қўшнилар ўзаро учрашувлардан кўра саноати ривожланган АҚШ, Жанубий Корея, Россия, Хитой, Япония каби давлатларнинг Марказий Осиёга хос учрашувлари ёки БМТ, Европа Иттифоқи, МДҲ, ШҲТ ташкилотлари доирасида учрашишни афзал кўришади.

Минтақа мамлакатлари ҳаётига оид ахборот алмашуви чекланган бўлиб, у асосан давлат ташрифлари мобайнида ёритилади. Ҳатто шўролар даврида «Ахбор», «Ватан», «Хабар» кўрсатувлари Ўзбекистон телевидениеси орқали эфирга узатилар эди.

Ушбу давлатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси қуйидаги жадвалда келтирилган. 

Манбалар: Халқаро валюта жамғармаси – 2020 IMF World Economic Outlook Database, Worldometers Population ҳамда даврий ва расмий матбуот.

Тошкент ташаббуси янги минтақавий ташкилот тузиш фикридан йироқ бўлса-да, ушбу мамлакатларнинг мумкин бўлган турли жабҳаларда ўзига хос соат милларини бир ёқадан бош чиқариб созлаб олиш сиёсатини олиб бориш тарафдоридир.

Бунга мисол сифатида, 2019 йилда БМТ шафелигида Марказий Осиёга бевосита дахлдор иккита қарор қабул қилинди. Биринчиси, «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» қароридир. Унда минтақа давлатлари раҳбарларидан ташқари ташқи ишлар вазирлари даражасида доимий сиёсий маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш, халқаро майдонда ушбу мамлакатлар салмоғи ва таъсирини ошириш, ўзаро мувофиқлаштирилган транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш ва денгиз йўлларига чиқишга доир йирик лойиҳаларни бирга амалга ошириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, илм-фан, таълим, санъат, спорт каби жуда кенг устувор масалаларда ҳамкорлик қилишга, энг муҳими ишончли ва хулқ-атворини башорат қилиш мумкин бўлган халқаро шерик сифатида шаклланишга урғу берилган.

Иккинчиси, «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» БМТ резолюциялари. Зикр этилган туризмга тааллуқли ҳужжатни синчковлик билан ўрганиш, афсуски унда минтақада оз-мунча шов-шувларга сабаб бўлиб 2018 йилда эълон қилинган умумий Ипак йўли визаси ҳақида лом-мим дейилмаган.

Марказий Осиё давлат раҳбарлари учрашуви форматига тўхталиб, Нурсултон Назарбоевнинг «мунтазам ишчи маслаҳатлашувларнинг ички ўзимизнинг (яъни минтақанинг – муаллиф) масалаларни ҳал этиш мақсадида ўтказилиши» деган таъкиди йиғилишнинг Марказий Осиёга тааллуқли давра мулоқоти сифатида қабул қилинаётгани, у асло минтақа мамлакатларининг ташқи сиёсий масалаларини мувофиқлаштиришга дахлдор эмаслигини намойиш этади.

Шу жумладан, мазкур учрашувнинг қозоқ расмий манбаларида ишчи ва «маслаҳатлашув» сўзининг қавс ичида берилиши у ҳали одатда давлатлараро ташкилотларга хос тамомила тўлақонли муассасавий шакл касб этмаганидан далолат беради.

Сиёсат ва иқтисоддан холи бўлмиш қадимий ва ҳамиша навқирон Наврўз шукуҳи ҳам Марказий Осиё давлатларини бирлаштиришга етарли даражада омил бўла олмагани, уларни муштарак қадриятлар атрофида жипслаштириш учун манфаатли ва жозибадорроқ ёндашувларни ишлаб чиқишга ундаши мумкин.

Забихулла Саипов,
сиёсий фанлар номзоди, мустақил тадқиқотчи

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид