Жаҳон | 08:48 / 07.01.2021
5689
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг Twitter ва Facebook’даги аккаунтлари блоклаб қўйилди

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп қоидабузарликлар учун Twitter’да 12 соатга, Facebook’да эса 24 соатга ёзиш имконидан маҳрум қилинди. Агар шундай қоидабузарликлар такрорланса, АҚШ президентининг аккаунтлари батамом ўчириб ташланади. 

Twitter’да таъкидланишича, Вашингтонда юз бераётган тартибсизликлар ортида Трампнинг ижтимоий тармоқда жойлаштирган учта пости ижтимоий тармоқ қоидаларига зид бўлгани сабабли ўчириб ташланиши лозим. Шундагина аккаунт 12 соатдан кейин блокдан чиқарилади. Агар Трамп томонидан ижтимоий тармоқ қоидалари яна бузилса, унинг аккаунти батамом блоклаб қўйилиши мумкин. 

Аввалроқ Трамп Twitter’да тарафдорларига видеомурожаат қилиб, тартибсизликлар уюштирмасликни ва уйларига қайтишни сўраган. Бироқ шу билан бирга, у яна бир бор сайловлар ўғирланганини таъкидлаб ўтган.

“Биз сизни яхши кўрамиз. Сиз ажойибсиз. Сиз нима ҳис қилаётганингизни биламан, бироқ уйларингизга қайтинглар”, деб намойишчиларни тинчлантиришга уринган Трамп.

Шунингдек, Twitter Трамп тарафдорларига унинг видеомурожаатини ретвит қилиш ёки унга лайк босишни тақиқлаб қўйган. 

“Сайловлардаги сохталаштиришлар ҳақидаги баёнот баҳсли ҳисобланади. Ушбу твитга зўравонлик хавфи сабабли изоҳ бериб бўлмайди, уни ретвит қилиб ёки унга лайк босиб бўлмайди”, дейилган Трампнинг видеомурожаати остидаги хабарда.

Бундан ташқари, Трампнинг баъзи бошқа твитларида ҳам лайк босиш ўчириб қўйилгани маълум қилинган. 

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғи ҳам худди шу сабабларга кўра Трампнинг аккаунтини блоклаб қўйган.     

“Бизнинг баҳолашимизча, президент Трамп саҳифасида иккита қоидабузарликка йўл қўйилган. Шу сабабли саҳифанинг функциялари 24 соатга ўчирилади. Бу эса президент бу вақт ичида ижтимоий тармоқда ёза олмаслигини англатади”, деб изоҳ берилган Facebook’да.

6 январда Трамп тарафдорлари президент сайловлари натижаларини тасдиқлаш бўйича конгресс йиғилиши ўтаётган Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб киришган. Шу сабабли у ердаги қонун чиқарувчиларни эвакуация қилишга тўғри келган. Тартибсизликлар вақтида бир аёл намойишчи ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид