Жаҳон | 16:40 / 07.01.2021
6776
2 дақиқада ўқилади

Вакиллар палатаси Трампнинг импичментига тайёрланмоқда

Демократик партиянинг вакиллар палатасидаги аъзоси Илҳан Умар твиттердаги саҳифасида Трампга импичмент эълон қилиш учун ҳужжатлар тайёрлашни бошлаганини маълум қилди.

Фото: EPA

АҚШда президент Доналд Трампни давлат раҳбарлигидан четлаштириш керак деб ҳисоблаётган республикачи сенаторлар ва ҳукумат аъзолари сони ошмоқда. Бу ҳақда CNN телеканали ва бошқа қатор ОАВ хабар берди.

Демократик партиянинг вакиллар палатасидаги аъзоси Илҳан Умар твиттердаги саҳифасида Трампга импичмент эълон қилиш учун ҳужжатлар тайёрлашни бошлаганини маълум қилди.

"Унинг лавозимида қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Гап мамлакатимизни сақлаб қолиш ҳақида кетяпти ва биз қасамёдимизга содиқ қолишимиз керак", - деб таъкидлади сиёсатчи.

Аввалроқ Колумбия округи прокурори Карл Расин Трампни президентлик лавозимидан четлаштириш жараёнини бошлашга чақирганди.

"Мен вице-президентдан навбатдаги қадамни ташлашини сўраган бўлардим. Конституцион бурчингизни бажаринг, Американи ҳимоя қилинг, демократия ҳимоясига отланинг", - деди у Майк Пенсга мурожаат қилиб. 

 CNN телекомпаниясининг маълумот беришича, Трампни президентликдан четлатишга АҚШ конституциясига киритилган 25-тузатиш асос бўлиши мумкин. Унга кўра, агар президент ўз вазифасини бажаришга лаёқатсиз бўлса, ана шундай йўл тутилади.

Давлат раҳбарининг “лаёқатсизлиги”ни белгилаб берадиган ўлчовлар ҳужжатда кўрсатилмаган, аммо гап жисмоний ёки руҳий сабаблар тўғрисида боради, деб ёзади AFP агентлиги. АҚШ президенти лавозимидан четлатилганида унинг вазифасини вице-президент вақтинча бажариб туради.

Шу билан бирга, вице-президент – ҳозирги ҳолатда Майк Пенс ва ҳукумат аъзоларининг кўпчилиги ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаши лозим. CNN журналистларининг ёзишларича, Трамп кабинетининг айрим аъзолари ушбу имкониятни муҳокама қилишни бошлаб юборган.

2019 йил декабрда ҳам конгресс аъзолари Трампни ваколатларини суиистеъмол қилишда айблаб, унинг импичментини талаб қилишганди. Ўшанда республикачилар бу ташаббусни қўллаб-қувватламагани туфайли импичмент амалга ошмаган.

Мавзуга оид