Жамият | 15:52 / 08.01.2021
26994
4 дақиқада ўқилади

Нос чекиш саратонга олиб келиши мумкин — ССВ мутахассиси

Ўзбекистонда тутунсиз тамаки маҳсулотлари, жумладан, нос айланмасини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг инсон организмига зарарли эканлиги борасида аҳоли орасида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда Ўзбекистонда кенг тарқалган носвойнинг инсон саломатлигига салбий таъсирлари, Ўзбекистонда қанча одам бу иллатга ружу қўйгани, жаҳон мамлакатларидаги ҳолат бўйича маълумотлар берди.

— Нос тўқ яшил ёки сарғиш яшил мураккаб таркибли моддалар аралашмасидан иборат. Асосан бу маҳсулот уй шароитида санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда турли усулларда тайёрланади. Уни тайёрлаш усулини кўрган, таркибида қандай моддалар борлиги билган киши нос чекишдан воз кечиши турган гап. Унинг таркибида тамаки япроғи, кул (ғўзапоя ёки бошқа ўтинлар кули), ўсимлик мойи (пахта ёки кунжут мойи), сўндирилган оҳак ҳамда ширин таъм берувчи қўшимчалар бўлади. Агар инсонга ушбу маҳсулотлар: қурилиш оҳаги, кул, тамаки япроғини берсангиз истеъмол қилишни хоҳлармиди? Аммо мамлакатимизда нос чекувчи инсонлар сони жуда кўп, айниқса ёшлар орасида.

— Носнинг инсон организмига салбий таъсирлари қандай?

— Нос психоактив моддалар қаторига киради ва марказий асаб тизимига таъсир кўрсатиб, руҳан ва жисмонан кучли қарамликни юзага келтиради. Нос оғиз бўшлиғи, ҳалқум, қизилўнгач ва ошқозонга тўғридан тўғри таъсир этиб, шиллиқ қаватларни доимий шикастлайди ва шу таъсир натижасида шиллиқ қаватларда саратон касаллиги ривожланишига олиб келади. Бу касалликка учраганларнинг 95 фоизи носга ружу қўйгани илмий жиҳатдан исботланган. 

Нос қонга сўрилиб, бош мия, жигар, буйрак, ошқозоности бези ва бошқа органлар фаолиятига салбий таъсир этиб, шу аъзоларнинг касалланишига сабаб бўлади. Шунингдек, оғиз бўшлиғида сўлак безлари фаолиятининг бузилишини юзага келтиради. 

Бундан ташқари, носвой истеъмол қиладиган эркакларда бепуштлик, оғиз ва милкларнинг яллиғланиши, милклар атрофияси, кариес каби касалликлар кузатилади. 

Нос ўсмирларнинг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, хотира ёмонлашиши, жиззакилик ҳамда дарсларни ўзлаштириш кескин пасайишига олиб келади. 

— Ўзбекистонда нос чекувчилар сони қанча? У қай даражада оммалашиб бормоқда?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда катта ёшдаги кашандаларнинг сони 1,1 миллиард бўлиб, уларда камида 367 миллион киши тутунсиз тамаки истеъмол қилади. Мамлакатимизда эркакларнинг қарийб ҳар тўртдан биттаси носвой истеъмол қилиши кузатилади. 

Ўзбекистонда носвой бозорларда, кўчаларда ва таълим муассасалари олдида очиқ сотилади. Уни ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш бўйича ҳеч қандай қонун ҳужжати ва кўрсатма мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, мунтазам тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи минглаб инсонлар бевақт ўлим хавфига дучор бўлмоқда. 

— Тутунсиз тамаки маҳсулотлари оммалашишини чеклаш бўйича дунё тажрибаси қандай? 

— Австралия, Сингапур, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Бир қатор МДҲ мамлакатлари (Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Туркманистон)да ҳам носвой ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўйилмайди. 

Носвой инсон саломатлигига катта зарар келтираётгани учун тегишли идоралар томонидан мамлакатимизда тутунсиз тамаки маҳсулотларини, жумладан, нос айланмасини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг инсон организмига зарарли эканлиги борасида аҳоли орасида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Хулоса қилиб айтганда, аввало, бундай маҳсулотларнинг инсон саломатлиги учун хавфли эканини аҳолининг ўзи теран англаб етиши зарур. Шундагина бу борада ижобий натижаларга эришишимиз мумкин.  

Мавзуга оид