Ўзбекистон | 08:59 / 10.01.2021
21629
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

10 январда Қирғизистонда муддатдан аввал президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Республика раҳбари лавозимига 17 номзод кураш олиб боради. Президент сайловлари билан бир вақтда мамлакатдаги бошқарув шакли бўйича референдум ҳам ўтказилади.

Фото: РИА Новости

Шу муносабат билан республикада 2476та сайлов участкаси соат 8дан ўз ишини бошлаган. Барча участкаларда овоз бериш коронавирусга қарши санитар-эпидемиологик чораларга риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Жумладан, барча ташрифчилар тиббий ниқоблар ва санитайзерлар билан таъминланади, ижтимоий масофага риоя қилиниши ортидан кузатув олиб борилади.  

Президент сайловлари билан бир вақтда мамлакатдаги бошқарув шакли бўйича референдум ўтказилади. Сайловчилар мамлакатда парламент бошқаруви шаклини сақлаб қолиш, президент шаклига ўтиш ёки барча вариантларга қарши овоз беришлари мумкин бўлади. Айни вақтда республикада бошқарувнинг президент-парламент шакли амал қилмоқда.

Сайловларда республиканинг ўзида ва хорижда 3,5 млндан кўпроқ қирғизистонлик иштирок эта олади. Президент сайловлари овоз берувчиларнинг ҳар қандай давоматида, референдум эса давомат 30 фоиздан юқорироқ бўлганда бўлиб ўтган деб тан олинади. Президент сайловларининг 1-босқичида 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган номзод ғалаба қозониши мумкин. Акс ҳолда сайловларнинг 2-босқичи белгиланади.  

Президент сайловлари натижалари 15 кун ичида, референдум натижалари эса 35 кун ичида эълон қилиниши белгиланган.   

Қирғизистонда муддатдан аввал президент сайловларини ўтказишга эҳтиёж мамлакатнинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбековнинг истеъфога чиқишига олиб келган сиёсий инқироз билан боғланган. 

Президент лавозими учун 17 номзод, жумладан Жээнбеков истеъфосидан кейин мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган Садир Жапаров даъвогарлик қилмоқда. Экспертларнинг фикрича, Жапаровнинг ғалаба қозонишга имкониятлари юқори бўлиб, у 1-босқичдаёқ муваффақиятга эришиши мумкин.

Жапаровга бир неча номзод, жумладан “Ягона Қирғизистон” партияси етакчиси Адахан Мадумаров, “Қирғизистон” партияси раҳбари Канат Исаев, Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбаев ҳақиқий рақобат ташкил қилиши мумкин.   

2020 йил 4 октябрда Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Сайловларнинг эртаси куниёқ мағлуб бўлган партиялар тарафдорларининг сайловлар натижаларига қарши норозилик намойишлари бошланиб кетганди. Кейинроқ сайловлар натижалари бекор қилинган. 

Ўшанда намойишчилар босими остида бир қатор таниқли сиёсатчилар, жумладан Садир Жапаров турмадан озод қилинганди.   

Октябрдаги воқеалар оқибатида Сооронбай Жээнбеков ўз истеъфосини эълон қилган. Мамлакатдаги вазиятни ўнглаш учун депутатлар Жапаровни бош вазир деб эълон қилишган. Кейинроқ у мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган, бироқ президент лавозимига номзод бўлгандан кейин амалдаги тартиб-қоидаларга кўра президент ваколатларини парламент спикери Талант Мамитовга топширган.

Мавзуга оид