Жаҳон | 10:53 / 11.01.2021
7761
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда Boeing 737 самолёти ҳалокатининг эҳтимолий сабаби маълум қилинди 

Индонезиянинг Sriwijaya Air авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-500 самолёти ҳалокатига унинг сувга урилиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Индонезиянинг транспортдаги хавфсизлик бўйича қўмитасига таяниб Straits Times нашри хабар берди.         
 
“Бу якуний хулоса эмас. Дастлабки маълумотлар самолёт сувга зарб билан урилиши оқибатида бўлакланиб кетганини кўрсатмоқда”, деб маълум қилган қўмита вакили Нуркахио Утомо. 

Терговчиларнинг фикрича, самолёт ҳавода бўлакланиб кетмаган, акс ҳолда унинг бўлаклари катта майдонга сочилиб кетган бўларди.  

Таъкидланишича, қидирув-қутқарув гуруҳи самолёт қулаган жойни ва унинг бўлакларини 23 метр сув остида аниқлашган. 

Аввалроқ самолёт момақалдироқ фронтидан ўтиш вақтида кучли турбулентлик ҳудудига тушгани маълум қилинганди.

Самолёт 9 январда Жакарта–Понтианак рейсини бажариш вақтида радарлар экранидан йўқолиб қолганди. Шундан кейин маҳаллий ОАВ самолёт ҳалокатга учраганини, гувоҳлар эса самолёт ҳавода портлаб, Ява денгизига қулаганини маълум қилишган. 

Самолётлар парвозини кузатувчи FlightRadar портали маълумотларига кўра, самолёт ҳавога кўтарилганидан дастлабки 3 дақиқа давомида баландликка кўтарилган, сўнгра 3,3 минг метр баландликка етганда бир дақиқадан камроқ вақт ичида кескин 3 минг метр пастлаган.

Маълумотларга кўра, самолётда ҳаммаси бўлиб 62 киши, жумладан экипажнинг 6 аъзоси бўлган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид