Жаҳон | 16:31 / 18.01.2021
4677
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сомалидаги қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетди

АҚШ президенти Доналд Трамп 4 декабрда Сомалидан барча америкалик ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш топшириғини берганди.

Сомалидан АҚШ қуролли кучлари бўлинмаларининг олиб чиқиб кетилиши буткул якунига етди, деб хабар бермоқда Associated Press (AP).

"Мазкур операция вақтида "Аш-Шабаб" жангариларининг ҳужумлари кучайишига қарамасдан олиб чиқиб кетиш давомида ҳарбий хизматчилар жиддий жароҳат олмади ва техника сезиларли талафот кўрмади", - деди АҚШ қуролли кучларининг Африкадаги қўмондонлиги қўмондони генерал Стивен Таунсенд.

Қўшинлар ва воситаларни олиб чиқиб кетиш учун Сомали соҳилида АҚШ қуролли кучларининг ҳарбий-денгиз гуруҳи ташкил этилди ва 21 декабр куни USS Nimitz авиаташувчиси етиб келди. Шунингдек, Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетишда бортида бир неча юз нафар махсус қўшинлар аскарлари бўлган USS Makin Island кемаси ёрдам кўрсатди.

 АҚШ президенти Доналд Трамп 4 декабрда Сомалидан барча америкалик ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш топшириғини берганди. Унга кўра, охирги муддат 15 январ деб белгиланганди.

АФРИКОМнинг маълум қилишича, Сомалидаги 700 нафар АҚШ ҳарбий хизматчилари мамлакатдан олиб чиқиб кетилган. Маълумотларга кўра, улар АҚШнинг Жибутидаги "Кэмп-Лемонье" денгиз экспедиция базасига жойлаштирилади.

Мавзуга оид