Ўзбекистон | 13:44 / 18.01.2021
7259
2 дақиқада ўқилади

Фермерга ноҳақлик қилган Чироқчи туман ҳокимлиги 10 млн сўм харажатга тушди

Чироқчи тумани ҳокимлиги фермер хўжаликларидан бири билан тузилган ижара шартномасини ноҳақдан бир томонлама бекор қилгани учун 12 миллион сўмдан ошиқроқ давлат божи тўлайдиган бўлди. Фермер хўжалигининг ери эса фермерга қайтарилади. Бу ҳақда Kun.uz’га Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилояти бўлими хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Чироқчи туман ҳокимининг 2020 йил 8 апрелдаги HQ-712/04-сон қарори билан «Илғор» фермер хўжалиги (фермер хўжалигининг номи ўзгартирилган) билан тузилган ер ижара шартномаси бир тарафлама бекор қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан мурожаатлари  ҳокимлик мутасаддилари томонидан ижобий қаноатлантирилмаганидан сўнг, «Илғор» фермер хўжалиги туман ҳокими қарори юзасидан Чироқчи туман маъмурий судига мурожаат қилади.

Амалдаги қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади. Шунга қарамасдан, суднинг биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси қарорлари билан «Илғор» фермер хўжалигининг туман ҳокимининг 2020 йил 8 апрелдаги HQ-712/04-сон қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси рад қилинади.

Шундан сўнг «Илғор» фермер хўжалиги қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилади.

Ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан фермер хўжалиги манфаатида 2020 йил 23 октябрда Олий судга назорат тартибида шикоят киритилади. Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати 2020 йил 16 декабрда чиқарган қарорида назорат шикоятини қаноатлантириб, Чироқчи туман ҳокимининг фермер хўжалиги манфаатида зид тарзда чиқарган қарори ҳақиқий эмас деб топилади.

Бундан ташқари, суднинг ҳал қилув қарори билан Чироқчи туман ҳокимлигидан 12 842 770 сўм давлат божи ва суд харажатлари учун «Илғор» фермер хўжалиги фойдасига 572 840 сўм ундириш белгиланади.

Мавзуга оид