Ўзбекистон | 12:17 / 19.01.2021
12378
6 дақиқада ўқилади

Ботир Зокиров: Қурилиш соҳасини соддалаштириш керак эмас

Қурилиш соҳасида давлат назорати нима? У қандай амалга оширилади? Қурилиш назорати инспекциясининг вазифалари нималардан иборат? Иншоотнинг лойиҳага мутаносиблигини ким текширади? Қурилиш вазири Ботир Зокиров матбуот анжуманида шу каби саволларга батафсил тўхталди.

Барча масъулият буюртмачида

Қурилишда давлат назоратининг ўз низоми ва функцияси бор ҳамда кўпчилик буни яхши тушунмайди. Давлат назорати бу қурилиш қатнашчиларининг тасдиқланган лойиҳа қисмида ишларни тўғри ёки нотўғри олиб бораётгани устида олиб борилади. Яъни, лойиҳа ичидаги қурилиш қатнашчилари бўлган буюртмачи, буюртмачининг техник назорати, авторлик назорати ва пудрат ташкилотининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Албатта ҳар қандай объектнинг буюртмачиси бўлиши керак. Буюртмачи бўлмаса у билан на пудратчи, на лойиҳачи, на-да қайсидир давлат ташкилоти гаплашади. Қанақа субъект бўлишидан қатъий назар у буюртмачи ва у қурилишдаги барча масъулиятни ўз зиммасига олиши ҳамда ҳужжатларни қонун доирасида тўғри бажариши лозим.

3 қаватга лойиҳа қилдириб, 6 қаватли бино тиклаш мумкин эмас

Буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатлари учун лойиҳа ташкилоти билан шартнома тузади. Лойиҳа олди ҳужжатларни бажаришда ҳам ташкилотлар билан шартнома қилади. Шу масалада ҳозирги объект бўйича (Жиззахда қулаган бино назарда тутилмоқда – таҳр.) ўша бинонинг жойида геология, гидрогеологик вазиятни ўрганиш бўйича тадқиқот ишларига алоҳида шартнома қилади. Лойиҳачи буюртмачининг лойиҳа топшириғи асосида лойиҳани бошлайди. Энди, Жиззахдаги ҳолатда буюртмачи қанча масалани нотўғри қилганини ўйлаб кўриш мумкин. Агар у лойиҳани дастлаб уч қаватли бинога қилдирган бўлса, кейин ўрнида олти қаватлик бино барпо қилиши нореал масала.

Назорат инспектори буюртмачи, лойиҳачи, техник назоратчи ва пудратчи ишини текширади

Қурилиш вазири Ботир Зокиров

Давлат назорати қурилишдаги мана шу 4 субъект (буюртмачи, лойиҳачи (авторлик назорати), техник назоратчи ва пудратчи (қурувчи ташкилот)нинг тўғри иш юритишини кўради. Қурилишнинг бугунги энг асосий ҳужжати бу – Ишни амалга ошириш китоби (Журнал производство работи). Мана шу китоб рўйхатдан ўтказилади. Лойиҳа ташкилоти белгиланган муддатларда авторлик назорати қисмида қурилаётган объектнинг камчиликларини қайд қилиб, қурувчидан уни бартараф қилишни талаб қилади. Техник назорат ҳам пудратчига ўз йўналиши бўйича камчиликларни бартараф қилишни талаб қилади. Ўзининг алоҳида талаблари бўлса, уларни ҳам қайд қилади. Пудратчи эса камчиликларни бартараф қилиб, ёзма равишда ўшани кўрсатиши шарт.

Назоратчи бино бетони ёки арматурасини текширмайди

Давлат назорати келганида авторлик назорати нима ёзганлигини, техник назорат нима ёзганлигини ва пудратчи уларнинг кўрсатмаларини бажарганми-йўқми, шу масалани кўради. Объектга келганида, туман ҳокимининг қарори, қурилиш учун рухсатнома, рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб, кейин рўйхатдан ўтказади. Назоратчи бу объектга кириб бетоннинг сифати, унинг ичида арматура бор-йўқлиги, уларнинг сифатини кўрмайди.

Бино лойиҳага мувофиқ бўлмаса бекор қилинади

Тизим шундай қилинганки, лойиҳани ким зўр билади - лойиҳа ташкилоти. Демак, қурилишнинг лойиҳага мувофиқ амалга оширилаётганини айни ташкилот назорат (авторлик назорати) қилиши керак бўлади. Буюртмачи авторлик назорати учун лойиҳа институти билан шартнома қилади. Агар лойиҳа қилиниб, авторлик лойиҳа қилмайдиган бўлса, лойиҳа бекор қилинади. Яъни қурилишнинг лойиҳага мувофиқлигини лойиҳачининг ўзи назорат қилиши керак. Шу лойиҳа бўйича ишлар тўғри кетаётганлигига уларнинг ўзи қонун олдида жавоб беради. Лойиҳа ташкилоти объектнинг лойиҳасини қилдими, ўша нарса бугун лойиҳа асосида бажарилмоқдами-йўқми, назорат қилиб, китобга ҳам қайд қилиши, талаб қилиши керак.

Қурилишни тўхтатиш механизми ишламаяпти

Техник назорат қурилиш ишларининг сифати бўйича лаборатория назоратларининг доимий мониторингини олиб бориши талаб этилади. Шу билан бирга, 2 назоратчи томонидан китобда ёзилган эътирозларини бажаришнинг белгиланган муддати бор ва пудратчи уларни ўша муддатгача бажариши шарт. Акс ҳолда, техник назорат келиб огоҳлантириш беради. Огоҳлантиришни ҳам бажармаса, объектда ишни тўхтатиш бўйича топшириқ беради. Ҳозир бизда муаммо шунда бўлмоқдаки, айни шу механизм ишламаяпти.

Қурилиш соҳасини соддалаштириш керак эмас

Бугун қурилиш соҳаси киши саломатлиги билан боғлиқ масала бўлганлиги боис уни соддалаштиришимиз керак эмас. 1-2 кун йўқотайлик, лекин биз қураётган объектлар 70-80 йилга мўлжалланмоқда, ундан кам эмас. Қурувчи бугун бир бино қурса, сейсмологимиз 70 йил ичида муаммо бўлмайди, деб кафолатини олади. Ўша қурувчи бунга жавобгар. Агар 10 йилдан кейин ҳам ўша бинога нимадир бўладиган бўлса, жавоб беради. Давлат назорати мана шу ерда намоён бўлади.

Қорамишда бир бинонинг бутун зиналари тушиб кетган, бу камдан-кам бўладиган нарса. Уч кун ичида ким қурган ким монтаж қилган ҳаммаси топилиб, жавобгарликка тортилганди. Шунинг учун давлат назоратида ким қачон нима қурганлигининг рўйхати олиб борилади. 30 йилдан кейин бўлса ҳам давлат назорати ўшани чиқариб беради. Шунинг учун қурилиш мукаммал бўлиши керак.

Қурилиш ҳужжатларини соддалаштирилмаслик керак

Қурилиш ҳужжатлари ҳам мукаммал бўлиши керак қурилишни соддалаштириб бўлмайди. Ҳа бу тадбиркор экан, уларга ҳеч қандай қонун-қоида шарт эмас, қураверсин деб бўлмайди. Бизда эса нимагадир буни соддалаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Лекин менимча бутун дунё буни мукаммаллаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Мавзуга оид