Барча масъулият буюртмачида
Қурилишда давлат назоратининг ўз низоми ва функцияси бор ҳамда кўпчилик буни яхши тушунмайди. Давлат назорати бу қурилиш қатнашчиларининг тасдиқланган лойиҳа қисмида ишларни тўғри ёки нотўғри олиб бораётгани устида олиб борилади. Яъни, лойиҳа ичидаги қурилиш қатнашчилари бўлган буюртмачи, буюртмачининг техник назорати, авторлик назорати ва пудрат ташкилотининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Албатта ҳар қандай объектнинг буюртмачиси бўлиши керак. Буюртмачи бўлмаса у билан на пудратчи, на лойиҳачи, на-да қайсидир давлат ташкилоти гаплашади. Қанақа субъект бўлишидан қатъий назар у буюртмачи ва у қурилишдаги барча масъулиятни ўз зиммасига олиши ҳамда ҳужжатларни қонун доирасида тўғри бажариши лозим.
3 қаватга лойиҳа қилдириб, 6 қаватли бино тиклаш мумкин эмас
Буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатлари учун лойиҳа ташкилоти билан шартнома тузади. Лойиҳа олди ҳужжатларни бажаришда ҳам ташкилотлар билан шартнома қилади. Шу масалада ҳозирги объект бўйича (Жиззахда қулаган бино назарда тутилмоқда – таҳр.) ўша бинонинг жойида геология, гидрогеологик вазиятни ўрганиш бўйича тадқиқот ишларига алоҳида шартнома қилади. Лойиҳачи буюртмачининг лойиҳа топшириғи асосида лойиҳани бошлайди. Энди, Жиззахдаги ҳолатда буюртмачи қанча масалани нотўғри қилганини ўйлаб кўриш мумкин. Агар у лойиҳани дастлаб уч қаватли бинога қилдирган бўлса, кейин ўрнида олти қаватлик бино барпо қилиши нореал масала.
Назорат инспектори буюртмачи, лойиҳачи, техник назоратчи ва пудратчи ишини текширади

Давлат назорати қурилишдаги мана шу 4 субъект (буюртмачи, лойиҳачи (авторлик назорати), техник назоратчи ва пудратчи (қурувчи ташкилот)нинг тўғри иш юритишини кўради. Қурилишнинг бугунги энг асосий ҳужжати бу – Ишни амалга ошириш китоби (Журнал производство работи). Мана шу китоб рўйхатдан ўтказилади. Лойиҳа ташкилоти белгиланган муддатларда авторлик назорати қисмида қурилаётган объектнинг камчиликларини қайд қилиб, қурувчидан уни бартараф қилишни талаб қилади. Техник назорат ҳам пудратчига ўз йўналиши бўйича камчиликларни бартараф қилишни талаб қилади. Ўзининг алоҳида талаблари бўлса, уларни ҳам қайд қилади. Пудратчи эса камчиликларни бартараф қилиб, ёзма равишда ўшани кўрсатиши шарт.
Назоратчи бино бетони ёки арматурасини текширмайди







