Жаҳон | 22:34 / 20.01.2021
6962
2 дақиқада ўқилади

Садир Жапаров Қирғизистон президенти сайловлари ғолиби деб эълон қилинди 

Қирғизистон марказий сайлов комиссияси Садир Жапаровни республикада 10 январда ўтган муддатдан аввал президент сайловлари ғолиби деб расман тан олди.

Фото: РИА Новости

16 январда сайлов комиссияси 100 фоиз бюллетенлар қўлдан ўтказилгандан кейин Жапаров 79,23 фоиз овоз тўплаб, сайловларнинг 1-босқичидаёқ ғалаба қозонганини эълон қилган. 2-ўринни 6,8 фоиз овоз билан Адахан Мадумаров, 3-ўринни 2,35 фоиз овоз билан Бобур Толбаев эгаллаган.

Президент сайловларидаги давомат 39,34 фоизни ташкил қилган.

10 январда, шунингдек, республикада бошқарув шаклини аниқлаш бўйича референдум ҳам бўлиб ўтган. Унда давомат 40 фоиздан камроқни ташкил қилган. Референдум натижаларига кўра, Қирғизистонда бошқарувнинг президент шаклини 84,11 фоиз, парламент шаклини эса 11,27 фоиз овоз берувчи қўллаб-қувватлаган. Яна 4,52 фоиз сайловчилар “барча вариантларга қарши” овоз берган.  

Жапаров Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларига қарши 2020 йил октябрда ўтган норозилик намойишлари ва тартибсизликлардан кейин ҳокимият тепасига келган. У президент сайловларида иштирок этиш учун 14 ноябрда вақтинчалик президент ваколатларини топширган ва бош вазир лавозимини бажаришни тўхтатган.

Қирғизистонда президент 6 йиллик муддатга сайланади. 

Таъкидланишича, Жапаровнинг инаугурацияси 28 январда Қирғизистон давлат филармонияси биносида бўлиб ўтади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид