Жаҳон | 20:45 / 22.01.2021
20555
2 дақиқада ўқилади

Садир Жапаров инаугурация вақтида кортеж ва банкетдан воз кечди

Қирғизистоннинг янги президенти Садир Жапаров ўз инаугурацияси вақтида кортеж ва банкетдан воз кечди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати маълум қилди. 

Фото: РИА Новости

“Мен катта сарф-харажатларни талаб қилувчи махсус кортеж, банкет ва бошқа ташкилий тадбирлардан воз кечишга қарор қилдим. Президент лавозимига киришишда қонунчилик талаб қиладиган зарурий маросимларнигина ҳисобга олиш ва амалга ошириш лозим”, деб айтган Жапаров. 

Унинг айтишича, “давлат барча эътиборини давлат маблағларининг халқ ва унинг эҳтиёжлари қўллаб-қувватланишига сарфланишига қаратиши лозим”. 

“Октябрдаги воқеалардан кейин юзага келган сиёсий вазият, республиканинг иқтисодий, молиявий ва эпидемиологик ҳолатини ҳисобга олиб, ушбу вазиятда мамлакат иқтисодиётига оғирлик қиладиган маросимлардан воз кечмоғимиз лозим. Ўйлайманки, халқ бизни тушунади ва қўллаб-қувватлайди”, деб таъкидлаб ўтган Жапаров.

ОАВ маълумотларига кўра, Қирғизистон президенти инаугурациясига 10 млн қирғиз соми ажратиш режалаштирилганди. Инаугурация 28 январда Бишкекдаги филармония биносида бўлиб ўтади.

Аввалроқ Бишкекда бир нечта кўча Жапаровнинг инаугурацияси репетицияси сабабли беркитиб турилган. Бу эса қирғизистонликларнинг танқидига сабаб бўлган. Улар юзага келган ноқулайликлар ва давлат маблағларининг нооқилона сарфланишидан аччиқланишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид