Жаҳон | 00:43 / 26.01.2021
2921
1 дақиқада ўқилади

Туркия ва Греция денгиз чегаралари бўйича музокараларни қайта бошлади

Фото: EPA

Туркия ва Греция денгиз чегаралари бўйича музокараларни қайта бошлади. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар берди. 

Анқара ва Афина 2002 йилдан 2016 йилгача бу масала бўйича 60та музокара ўтказган, сўнгра улар Греция томонининг эътирозига кўра тўхтатилган.    

Греция фақат Эгей денгизи ва Шарқий Ўрта ер денгизи сув ҳудудларининг демаркацияси масаласини, Туркия эса барча масалаларнинг, жумладан ҳаво ҳудуди ва Эгей денгизидаги баъзи ороллар мақомини ҳал қилмоқчи.

Бундан ташқари, Туркия Грецияни халқаро ва икки томонлама келишувларга зид равишда Эгей оролларининг ҳарбийлаштирилишида айблайди. Греция Туркиянинг бу эътирозларини рад этмоқда ва икки давлат ўртасидаги ягона муаммо денгиздаги делимитациялаш ҳисобланишини айтмоқда.  

Ўтган ҳафта Греция бош вазири Кириакос Мицотакис икки томон ўзаро келиша олмаса, жуда бўлмаса баҳснинг халқаро органларга берилиши йўли бўйича келишишлари лозимлигини айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид