Ўзбекистон | 12:02 / 29.01.2021
31309
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар сайлов кунини кўчиришга оид қонунни қабул қилди

Қонунчилик палатаси Конституция ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ўзгаришлардан бири сайлов санасини декабрдан октябрга кўчиришни кўзда тутади. Сенат ҳам ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб, президент имзоласа, 2021 йилги президентлик сайловлари 24 октябр куни бўлиб ўтади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 29 январ кунги йиғилишда Президент сайловлари санасини ўзгартириш ва бошқа қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. 

«Қонунчилик палатаси депутатлари Президент сайловлари санасини ўзгартириш ва бошқа қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Хусусан, сиёсий партияларга сайлов кампанияси даврида Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун Ғазначиликда ҳисобвароқ очилмайдиган бўлди», дейилади Yuksalish — LIVE хабарида.

Ҳужжат Сенатга юборилади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистонда президент сайловлари октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган, бу масала қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокама қилингани, агар янги тартиб қабул қилинса, 2021 йилги президент сайловлари 24 октябрга тўғри келиши айтилганди.

Кейинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Президентлик сайлови муддати кўчирилишига изоҳ берган, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши, бу эса сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлиши айтилган, шу сабабли, қонун лойиҳасига кўра, сайловларни октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилаётгани маълум қилинганди.

  • Маълумот учун, президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади.

Мавзуга оид