21:36 / 29.01.2021
101290

Дилмурод Набиев лавозимидан озод этилди

Дилмурод Набиев Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони имзоланган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

«Дилмурод Ҳамидуллаевич Набиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимидан озод этилсин», дейилади президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган фармонда.

Дилмурод Набиев 2018 йил июлидан буён вазирликка раҳбарлик қилиб келаётганди. Ҳозирча унинг кейинги фаолияти хусусида маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказилган йиғилишда яқин кунларда бир нафар ҳоким ва вазир лавозимини тарк этишини маълум қилганди.

«Бир ҳафта ичида кадрлар масаласи бўйича бир қарорга имзо қўяман. Биз ишонган айрим амалдорлар аравани тортмаяпти. Улар садоқатли одам, лекин ишни бажара олмаяпти. Шунча ваъзхонлик етади, уларга қанча имкониятлар бердик, аммо самарали натижа кўрсатишмади. Бошқача ишлаш вақти келди», деганди президент.

Маълумот учун, бунгача 2021 йил бошидан буён икки вазирликда раҳбарлар алмашганди - Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ҳамда Уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиев ишдан олинганди.

Top