Жаҳон | 17:26 / 02.02.2021
1960
2 дақиқада ўқилади

Японияда фавқулодда ҳолат режими мартгача узайтирилди

Коронавирусга қарши курашиш бўйича вазир Ясутоси Нисимуранинг билдиришича, агарда вазият яхшиланса, режим 7 мартдан аввалроқ бекор қилинади.

Фото: AFP-JIJI

Япония бош вазири Йосихидэ Суга коронавирус билан боғлиқ вазият сабабли Токио ва яна тўққиз префектура учун жорий этилган фавқулодда ҳолат режими 7 мартгача узайтирилганини эълон қилди. Бу ҳақда The Mainichi газетаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, режим Канагава, Тиба, Сайтама, Айти, Гифу, Осака, Киото, Хего ва Фукуока префектураларида амал қилади. Шу билан бирга, пойтахт шимолида жойлашган Тотиги префектурасида эпидемиологик вазият сезиларли даражада яхшилангани туфайли фавқулодда ҳолат режими 7 февралдан бекор қилинади.

The Mainichi нашрининг эслатишича, аҳолига муҳим сабабсиз уйидан чиқмаслик, ресторан ва барларга ишни эртароқ тўхтатиш тавсия этилади, иш берувчилар эса ходимларини масофадан ишлашга ўтказишга чақирилмоқда.  

Коронавирусга қарши курашиш бўйича вазир Ясутоси Нисимуранинг билдиришича, агарда вазият яхшиланса, режим 7 мартдан аввалроқ бекор қилинади.

Worldometers сайти маълумотига кўра, Японияда 389,5 мингдан ортиқ киши коронавирус юқтирган, 5,7 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид