Жаҳон | 23:50 / 03.02.2021
2798
1 дақиқада ўқилади

Белгияда 55 ёшдан катталарга AstraZeneca вакцинаси тавсия этилмайди

Немис мутахассислари вакцина фақат 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган одамлар учунгина самарали деган хулосага келишган. 

Фото: DPA

Бельгия регулятори 55 ёшдан катталарни эмлашда AstraZenecа компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдаланишни тавсия этмади.

"Соғлиқни сақлаш олий кенгаши AstraZeneca вакцинаси - 18 ёшдан 55 ёшгача бўлганлар учун яхши вакцина деб ҳисоблайди", - деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Франк Вандербрук.

Унинг сўзларига кўра, кенгаш "вакцина 55 ёшдан катталарга ҳам яхши таъсир қилади дейиш учун маълумот етарли эмас" деган қарорга келган.

Вазирнинг билдиришича, яқин ҳафталарда бу борада қўшимча маълумот олинади.

ЕИ ҳукумати январ охирида Евроиттифоқда AstraZeneca компанияси ишлаб чиққан вакцинадан фойдаланишга рухсат берганди. Аммо немис мутахассислари вакцина фақат 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган одамлар учунгина самарали деган хулосага келишди. 

 AZD1222 вакцинаси AstraZeneca мутахассислари ва Оксфорд университети олимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Аввалроқ Ўзбекистон COVAX дастури доирасида 2 млн 640 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиши маълум бўлганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид