16:02 / 03.02.2021
2972

Дания рақамли «корона-паспортлар» жорий этилишини эълон қилди

Дания молия вазири вазифасини бажарувчи Мортен Бёдсковнинг сўзларига кўра, бу ҳужжат уч-тўрт ойдан сўнг оммавий равишда жорий қилинади ва ундан масалан, иш бўйича сафарларда фойдаланиш мумкин бўлади.

Фото: Claus Fisker/Ritzau Scanpix

Дания ҳукумати бизнес ҳамжамияти билан коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган рақамли «корона-паспортлар» жорий этишга келишиб олди. Бу ҳақда ТV 2 телекомпанияси хабар бермоқда.

 Дания молия вазири вазифасини бажарувчи Мортен Бёдсков мамлакат пандемиядан кучли азият чекаётганлигини айтди.

«Аммо тадбиркорлар ҳамжамияти сафарга чиқиш имкониятига эга бўлиши лозим ва шу боис рақамли «корона-паспорт» жорий этилади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳужжат уч-тўрт ойдан сўнг оммавий равишда жорий қилинади ва ундан масалан, иш бўйича сафарларда фойдаланиш мумкин бўлади. 

 Бёдсковнинг айтишича, рақамли ҳужжат оддий паспортга қўшимча бўлади.

«Биз бундай ҳужжатга эга дунёдаги биринчи мамлакат бўлишимиз мумкин», — деди у.

 Телеканалнинг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, бу ҳужжат айрим соҳаларнинг фаолият бошлашига, фуқароларнинг эса ресторан, мусиқий ва спорт тадбирларига боришларига имкон беради. 

Top