Ўзбекистон | 20:30 / 07.02.2021
8156
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон GSP+ имтиёзларидан фойдаланишга тайёргарлик бошлайди

Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилнинг 1 июнига қадар Европа Иттифоқининг GSP+ тизимига доир имтиёзларни қўллаш бўйича дастур ишлаб чиқади. Бу – 2021 йилги давлат дастурига киритилган.

Фото: Facebook / European Union in Uzbekistan

GSP+ дастури Европа Иттифоқи бозорларига ривожланаётган мамлакатлардан келаётган қишлоқ хўжалиги моллари ва бошқа айрим маҳсулотлар экспортига берилган имтиёзлардир.

Дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3000га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.

GSP+ дастурига киришдан манфаатдор мамлакат муайян шартларни бажариши талаб этилади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва асосий меҳнат стандартлари соҳасида 16 та, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасида 11 та – жами 27 халқаро конвенцияларни ратификация қилиши ва самарали амалга ошириши лозим.

Ҳозирда бу дастурга фақат 8 та: Арманистон, Боливия, Кабо Верде, Қирғизистон, Монголия, Покистон, Филиппин, Шри Ланка давлатлари тўлиқ аъзо ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқининг Умумий имтиёзлар тизими (GSP+) бенефициари мақомини олиш учун ариза берган.

Европа Иттифоқи мамлакатлари билан икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маҳаллий маҳсулотларнинг Европа бозорига кириб бориш шароитларини яхшилаш мақсадида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги GSP+ дастурига тўлиқ аъзо бўлиш ҳаракатларини олиб бормоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, Ўзбекистон талаб қилинган 27 та конвенциянинг ҳаммасига қўшилган ва имзоланган конвенциялар бўйича Европа Иттифоқининг мажбуриятларни бажаришга оид сўровномасига жавоб йўлланган.

2020 йил ноябрда Европа комиссияси Ўзбекистон томонидан (GSP+) преференциялар бош тизимида плюс бенефициар мамлакати мақомини олиш учун юборилган ариза бўйича муддатидан олдин ижобий қарор қабул қилди.

Маълумот учун, 1996 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган «Шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида»ги шартнома ўзаро алоқаларни тартибга солувчи асосий  ҳужжат ҳисобланади. Бу шартномада Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Умумий имтиёзлар тизими (GSP)га қабул қилинган.

2018 йил 1 июлдан томонлар ўртасида «тўқимачилик протоколи» кучга кирган, шу орқали Ўзбекистон тўқимачилик брендларида ўз маҳсулотларини Европага сотиш имконияти кенгайган.

Мавзуга оид