17:21 / 17.02.2021
7235

Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти билан учрашди

Ашхобод шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди.

Вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президентига мактубини топширган.

«Учрашув чоғида олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси натижасида давлатлараро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқалар салмоқли даражада фаоллашди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Мулоқотда Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, янги минтақавий бозорларга чиқиш учун инфратузилмавий ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди», дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Абдулазиз Комилов амалий ташриф доирасида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан ҳам учрашган.

«Музокаралар чоғида ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича биргаликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ўзаро боғлиқликни янги – минтақалараро босқичга олиб чиқиш учун шаклланаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.

Вазир Туркманистон томонини жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида юқори даражадаги Халқаро конференцияга таклиф қилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2021-2022--йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди», дейилади ТИВ хабарида.

Абдулазиз Комилов ҳафта давомида ўз турнеси доирасида Тожикистон ва Қозоғистонда ҳам бўлади.

Top