Ўзбекистон | 10:21 / 17.02.2021
5457
2 дақиқада ўқилади

Эрон компанияси Фарғонада йирик кимёвий мажмуа барпо этишни режалаштирмоқда

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Эроннинг “Gharavi Chemical Industries Group” компанияси вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.

Эронда кимёвий мажмуалар барпо этиш, кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда сотиш билан шуғулланувчи “Gharavi Chemical Industries Group” бошқарув кенгаши вакиллари Ражабижоршарий Алиризо Мустафо ва Мандуи Масъул Ғулом, шунингдек компания ҳамкори, инвестициялар бўйича консультант Маҳмуд Муҳаммад Надерян билан бўлган учрашувда Фарғона вилоятида умумий қиймати 15,2 миллион доллар бўлган уч босқичли кимёвий мажмуа барпо этиш лойиҳаси муҳокама этилди.

Эронда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 12 турдаги корхонани бирлаштирган ““Gharavi Chemical Industries Group” 40 турдан ортиқ маҳсулотларини дунёнинг 20га яқин мамлакатига экспорт қилади. 

15,2 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳисобига “Қўқон” ЭИЗ ҳудудида 10 гектар майдонда барпо этилиши кўзда тутилаётган мажмуа лойиҳа қиймати 6,2 миллион доллар бўлган ва йиллик 50 минг тонна натрий бикарбонат ишлаб чиқарувчи корхона, лойиҳа қиймати 5 миллион доллар бўлган ва йиллик 50 минг тонна этилацетат ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда лойиҳа қиймати 4 миллион доллар бўлган ва йиллик 12 минг тонна этанол ишлаб чиқарувчи корхонадан иборат бўлади.

Эронликлар ушбу мажмуани икки босқичда – дастлабки босқичда 1,5 йилда натрий бикарбонат ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширишни, кейинги босқичда яна шунча даврда этилацетат ва этанол ишлаб чиқарувчи корхоналарни барпо этиш режаларини билдирди. Вилоят ҳокими мажмуа лойиҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдириб, ҳар уч корхонани барпо этишга бир вақтда киришишни таклиф этди. Бу таклиф эронликлар томонидан қабул қилингани айтилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид