Жаҳон | 16:51 / 18.02.2021
3881
1 дақиқада ўқилади

Латвияда ҳар бир болага 500 евродан бир марталик нафақа берилади

Мамлакатдаги 364 097 нафар бола учун бюджетдан 182 миллион евро ажратилган.

Фото: AFP

Латвия ҳукумати коронавирус тарқалиши оқибатларини бартараф этиш тўғрисидаги қонун доирасида барча болаларга бир марталик нафақа тўланишини маъқуллади. Ушбу тузатишни энди Сейм тасдиқлаши лозим.

Хабар берилишича, ҳар бир болага 500 евродан берилади. Тўлов давлат ижтимоий суғурта агентлиги томонидан автоматик равишда тўланади. Мамлакатдаги 364 097 нафар бола учун бюджетдан 182 миллион евро ажратилган.

"Ушбу нафақани тўлаш тўғрисидаги қарор коронавирус пандемияси сабабли оилалар қанчалик қийин аҳволда қолганлигини англаб турганлигимизни кўрсатади", — деди мамлакат бош вазири Кришянис Каринш.

Латвия фаровонлик вазирлиги ногирон пенсионерларга 200 евро миқдорида бир марталик нафақа тўлашни таклиф этмоқда. Вазирлик бу борада тегишли тузатишларни ҳукумат эътиборига ҳавола қилмоқчи.

Латвияда 6 апрелга қадар коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган фавқулодда ҳолат режими амал қилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид