21:52 / 22.02.2021
13839

Видео: АҚШда парвоздаги Boeing 777 самолёти двигателида ёнғин чиқди

АҚШнинг Колорадо штатида парвоздаги Boeing 777 самолётининг двигателида ёнғин келиб чиқди. Натижада лайнер йўлга чиққанидан тахминан 20 дақиқа ўтиб, аэропортга қайтишига тўғри келди.

Самолёт бортида жами 241 киши бўлган, барчаси хайрли якун топган, деб хабар қилди CNN.

United Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 777 шанба куни Колорадо штати маркази Денвердан Тинч океанидаги Ҳавайи штати маркази Ҳонолулуга қараб йўлга чиққанди.

Аммо маҳаллий вақт билан соат 13:30да лайнер Денвер халқаро аэропортига қайтиб қўнди. Лайнернинг ўнг қанотидаги двигателда носозлик рўй берган.

Бир двигателда амалга оширилган қўниш муваффақиятли бўлган, бортдагилардан ҳеч ким жароҳатланмаган. Яна шуниси хайрлики, парвоз вақтида аҳоли яшаш пунктларига самолётнинг устки қопламалари парчалари тўкилганига қарамай, бу металл парчалардан шикастланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Колорадолик Клэр Армстроннинг айтишича, у паркда сайр қилиб юрган вақтда қаттиқ тақирлаган овоз эшитган ва ерга самолёт парчалари тўкилаётганини кўрган. У ва боғдаги бошқалар пана жойга ўтишга улгуришган.

Воқеа рўй берган ҳудуд аҳолисидан самолётнинг тўкилган парчаларини кўриб қолганда уларга тегмаслик ва масъулларга хабар қилиш сўралмоқда.

Фото: Hayden Smith

АҚШ Транспортдаги хавфсизлик миллий кенгаши ҳодиса юзасидан текширув бошлади. United Airlines авиакомпанияси Pratt & Whitney PW4000-112 двигателларига эга 24та Boeing 777 самолётини фойдаланишдан олди.

Ўз навбатида, Boeing компанияси авиаташувчиларга шу русумдаги двигатель билан жиҳозланган 777 лайнерлари парвозини тўхтатиб туришни тавсия қилди.

Биринчилардан бўлиб Япония ҳукумати худди шу турдаги двигателга эга Boeing'лар эксплуатациясини тўхтатишга қарор қилди.

Top