Жаҳон | 01:18 / 23.02.2021
6353
2 дақиқада ўқилади

Али Хоминаий: Ислом позициясида ядро қуролини яратиш тақиқланган

Фото: AP

Ислом нуқтайи назаридан ядро қуролини ишлаб чиқариш тақиқланган, деди 22 февралда Эрон диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий.

“Ислом ядровий қурол ишлаб чиқаришни тақиқлайди”, деди Эрон олий етакчиси. Шу билан бирга, сиёсатчи “Теҳрон ядро масаласида ўзининг оқилона позициясидан воз кечмайди”, деб қўшимча қилди. “Мамлакат манфаатларига мувофиқ, биз олға интиламиз ва уранни 60 фоиз бойитишгача борамиз", деди у.

2020 йил 2 декабрда Эрон конституциясини ҳимоя қилиш кенгаши аввалроқ Мажлис томонидан қабул қилинган уранни бойитиш даражасини ошириш борасидаги қонунини маъқуллади. Қонун ҳукуматга йилига 20 фоизгача бойитилган энг камида 120 кг уран ишлаб чиқаришни топширди. Қонун ишлаб чиқарувчиларнинг фикрига кўра, лойиҳага киритилган чоралар Теҳронга қарши санкцияларни бекор қилишга ёрдам беради.

2000 йилларнинг бошларида Эроннинг диний раҳбари томонидан, ядровий қурол ишлаб чиқариш ислом динига зид бўлиши тўғрисида фатво чиқарилган. Эронлик сиёсатчилар ушбу кўрсатма Теҳрон ядро дастурининг фақат тинчликпарварлигини исботлашини бир неча бор таъкидладилар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид