Ўзбекистон | 14:58 / 23.02.2021
9468
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда уч нафар босқинчи қўлга олинди

Самарқандда хонадонлардан бирига бостириб кириб талончилик қилган уч нафар босқинчи қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар уй эгасини уриб ҳушидан кетказган ва унинг қўл-оёғини боғлаб қўйиб, катта миқдордаги пул ва тилла тақинчоқларни олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил 22 феврал куни уч нафар шахс Самарқанд шаҳар Фитрат кўчасида яшовчи фуқаронинг уйига кириб, уни уриб ҳушидан кетказган. Сўнг, шу уйда хизматчи бўлиб ишлаётган М.нинг қўл-оёқларини боғлаб, ётоқхонадаги темир сейф ичидан 42 500 АҚШ доллари ҳамда жами баҳоси 2400 АҚШ доллари бўлган ўн турдаги аёллар тилла тақинчоқлари, шунингдек, баҳоси 2100 АҚШ доллари бўлган 1 дона қўл телефон аппарати ва 3 дона планшетларни талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

ИИБ ходимлари томонидан мазкур жиноятни фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар натижасида, ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган шахслар воқеа жойидан сариқ рангли, «Нексия-3» машинасида қочиб кетгани аниқланган.

Зудлик билан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни 1988 йилда туғилган, муқаддам жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) билан судланган Самарқанд тумани «Қуйи Арабхона» қишлоғида яшовчи 1984 йилда туғилган Давлат Р., муқаддам жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан судланган, Навоий вилояти Навбаҳор тумани «Бешработ» МФЙда рўйхатда турган Жасур И. ҳамда 1989 йилда туғилган, муқаддам жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан судланган, Самарқанд шаҳар А.Икромов кўчасида рўйхатда турган Аскар И.лар содир этганлиги аниқланиб, уларнинг учови ҳам жиноятни содир этганликда гумонланувчи сифатида қўлга олинган.

Маълум бўлишича, сариқ рангли Нексия-3 Давлат Р.га тегишли бўлиб, ундан жами 1 500 АҚШ доллари, Жасур И.дан 6 600 АҚШ доллари ҳамда бир дона «MAXWEL» русумли қўл телефони, Аскар И.дан 600 АҚШ доллари ҳамда 500 минг сўм далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид