Жамият | 16:46 / 27.02.2021
33042
3 дақиқада ўқилади

«Комада ётган талабага нисбатан қўл жанги усули қўлланган» – Тошкент шаҳар ИИББ

Ўзбекистон санъат ва маданият институтининг 20 ёшли талабаси 20 февралдан буён комада қолмоқда. Наманганлик йигитга нисбатан қўл жанги усули қўллангани, айбдорга жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

26 феврал куни Kun.uz сайтида «Санъат институти талабаси 5 кундан бери комада. Курсдошлар жанжали жиддий оқибатга олиб келди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

27 феврал куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Баёнотда институт талабаси - Жаҳонгир Акрамовга нисбатан қўл жанги усули қўллангани таъкидланади.

«Жорий йилнинг 19 февраль куни соат 12:30ларда 18 ёшли Мадамин А. ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси, 20 ёшли Жаҳонгир А. ўртасида келиб чиққан можаро жанжалга айланган. Натижада, Мадамин А. қўл жанги усулини қўллаб, иккаласи ерга йиқилган. Йиқилиш жараёнида Жаҳонгир А. бетон тўсиққа боши билан урилган. Оқибатда у тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан оғир тан жароҳати етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Мадамин А. жиноят ишига гумон қилинувчи сифатида жалб қилинган. Тергов давом этмоқда», дейилади Тошкент шаҳар ИИББ баёнотида.

Ажабланарлиси, воқеа тафсилотларини ўрганган профилактика катта инспектори Равшан Қурбоналиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда Жаҳонгирни курсдошининг укаси бехосдан итариб юборгани, у боши билан ерга тушгани оқибатида орқа мияси шикастланганини айтиш билан кифояланган, бироқ тортишув чоғида қўл жанги усуллари ишлатилгани ҳақида лом-мим демаганди.

ИИББ баёнотида дастлаб Жаҳонгир Акрамов кома ҳолатидан чиққани, шифокорлар унинг аҳволини мўътадил деб баҳолаётгани айтилган эди. Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев, шунингдек, беморнинг отаси Одилжон Валиев Жаҳонгир ҳамон комада эканини, ўзига келмаганини билдирди.

Kun.uz мухбири мазкур ҳолат юзасидан изоҳ сўраб бошқарма ахборот хизмати масъул ходими билан боғланди. У бу маълумотни тергов бошқармасидагилар беришганини айтиб, яна аниқлаштириб кўришини маълум қилди. Шундан сўнг расмий баёнотга тузатиш киритилиб, Жаҳонгир Акрамов яна комага тушиб қолгани маълум қилинди.

Шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Ирина Сайфиддинова Жаҳонгир Акрамов кеча кечқурун кўзини очгани, қўл ва оёқларини қимирлатгани, бироқ кўп ўтмай яна комага тушиб қолганини таъкидлади.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид