Жамият | 09:11 / 28.02.2021
77045
2 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги «Шовотландия» кафесига ўт қўйган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Қизил Шарқ мавзеси Гулистон кўчаси 9-А уйда жойлашган «Шовотландия» кафесидаги ёнғин оқибатида беш киши вафот этди.

Ички ишлар вазирлигининг қайд этишича, дастлабки тезкор-тергов ҳаракатлари, мазкур ёнғин ҳодисаси бегона шахс томонидан қасддан амалга оширилгани ҳақидаги далилларни юзага чиқариб, дарҳол ушбу ҳолат вазирлик раҳбарияти томонидан назоратга олинган.

Тезкор қидирув тадбирлари жараёнида аниқланишича, бинога қасддан ёнғин етказган шахс 2021 йилнинг 27 феврал куни соат 03:30ларда Matiz’да манзилга келиб, бино деворларига ўзи билан олиб келган шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг воқеа жойини яширинча тарк этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Олиб борилган тезкор тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноят муқаддам Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми (жуда кўп миқдорда босқинчилик), 168-моддаси 3-қисми (кўп миқдорда фирибгарлик), 127-моддаси 3-қисми (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. томонидан содир этилгани аниқланиб, ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Мавзуга оид