Жамият | 14:03 / 02.03.2021
11122
2 дақиқада ўқилади

Асакача иш услуби: ўрганилмаётган ва эътиборсиз қолдирилаётган муаммолар

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифлари чоғида ва ўтказаётган йиғилишларда, учрашувларда ошкоралик ҳақида, журналистларга ишониши, уларга суяниши ҳақида бот-бот такрорламоқда. Бироқ айрим мутасаддилар бу сиёсатнинг моҳиятига ҳамон тушунмаётган кўринади.

Kun.uz’нинг Андижон вилояти ҳаётини ёритиш учун очилган ҳудудий Telegram каналида Асака туманидан бир неча бора танқидий материаллар, фуқароларнинг мурожаатлари эълон қилинди. Мақсад — муаммолар бартараф этилиб, аҳолининг яшаш тарзи янада яхшиланиши эди.

Лекин туман ҳокимлиги мутасаддилари кўтарилган масалаларга нисбатан «пинагини ҳам бузаётгани йўқ». Бу нимадан дарак: масъулларга «Танқид ва мурожаатларга жавоб бермайсан, ўрганмайсан, бугун биттасига раддия ёки муносабат билдирсанг, эртага бошқаси ёзади», қабилида топшириқлар берилаётганиданми?

Келинг, каналда ёритилган мисолларга ўтамиз.

20 январ куни тумандаги деҳқон бозори олдидаги автомобилларнинг пала-партиш жойлашиши оқибатида йўллар тўсилиб қолаётгани, мазкур ҳолат пиёдалар ва қолган ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётгани;

17 феврал куни «Чек» МФЙда жойлашган хонадонлар олдидан ўтган ариқдаги сув сабаб уйлар нураб тушаётганлиги;

23 феврал куни «Дўрмон» МФЙ, Дўрмон кўчасига ичимлик суви тушириш ишлари охирига етказилмай ташлаб кетилгани;

25 феврал «Кун фотоси» рукни остида тумандаги «Арғин» МФЙ, Жонон кўчасидаги ҳолат ҳақидаги хабарлар эълон қилинган.

Аммо, ижтимоий тармоқлар орқали ёритилаётган тумандаги муаммолар ҳам масъуллар томонидан ўрганилмай, бартараф этилмай, шунчаки беписандлик билан четга суриб қўйилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Туман ҳокимлигининг расмий Telegram каналида эса ҳокимнинг фуқароларни қабул қилгани ва спорт мусобақалари ёритиб борилади, холос. Фуқаролар мурожаат қилиши учун эса ҳеч қандай алоқа воситалари ҳақида хабар ҳам, билдирги ҳам йўқ.

Асака туман ҳокимлигидан республикада олиб борилаётган очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда тумандаги аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишда фаоллик кўрсатишини сўраб қоламиз.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид