Ўзбекистон | 16:04 / 02.03.2021
11718
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ўз маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни ўзининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди.

Учрашувда маслаҳатчи Чакрабартининг Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини тайёрлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларини кенгайтириш борасидаги таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари «йўл харитаси» ва устувор йўналишлар бўйича бошқа муҳим концептуал ҳужжатларни биргаликда пухта тайёрлашни давом эттириш ва кейинчалик уларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, давлат улуши мавжуд корхоналарни трансформация қилиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

  • Маълумот учун, Сума Чакрабарти 2012 йил июлидан 2020 йил июлигача Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти бўлиб ишлаган. ЕТТБга раҳбарлик қилишдан аввал у Халқаро тараққиёт департаментининг доимий котиби (2002-2007) бўлган ва Бирлашган Қиролликнинг Адлия вазирлигида (2007-2012) ишлаган.
  • Сума Чакрабарти 2020 йил ёзида Ўзбекистон президенти фармонига кўра «Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги улкан хизматлари» учун «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. У 2020 йил кузида Ўзбекистон президенти маслаҳатчисига айланди.

Мавзуга оид