23:24 / 03.03.2021
15858

Фермерлик ҳисобидан ёшларга ер: солиқ, ҳуқуқий ҳимоя ва лойиҳа муддати ҳақида

Бугун, 3 март куни Олий Мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири «Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўрилган мажлис якунида қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Исроилжон Холмирзаев билан фермер хўжалиги ерларидан ёшларга ер бериш масаласида интервью уюштирди.

 — Ҳозир қишлоқ жойларда фермер хўжаликлари ҳисобидан ишсиз ёшларга ер майдонлари бериляпти. Айтинг-чи, бу жараён қандай тартибга солинади? Шунингдек, ер олган ёшларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади? Ер олган ёшлар етиштирган маҳсулоти учун солиқ тўлайдими?

— Ҳақиқатан ҳам, ҳозир ҳудудлар имкониятидан келиб чиққан ҳолда ёшларга ер бериляпти. Бунда аҳоли зичлиги ва ҳудуддаги меҳнат билан таъминланганлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилади.

Албатта, бу ер майдонларида ёшлар юқори даромад келтирадиган маҳсулот экишга ҳаракат қилади. Улар бу жойларда икки, уч мартадан ҳосил олади.

Агар ёшларга ер асосий экин майдонидан берилган бўлса, бир йил, ғалладан бўшаган ер берилган бўлса, ўша мавсум учун маҳсулот етиштириш мумкин.

Буни қонунларимиз ҳам эътироф этади, яъни иккиламчи ижара шартномалари бор бизда.

Ёшлар бу майдонда етиштирган маҳсулотини эркин тасарруф қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Исроилжон Холмирзаев

— Уларнинг ҳуқуқлари масаласи қанчалик ўйланган бу жараёнда? Чунки ҳамма фермерга ҳам ёқмайди ўз еридан экин майдонини бошқага шунчаки ажратиб юбориш. Бу ерда шунингдек, унинг ерга эгалик ҳуқуқлари ҳам бор...

— Уларнинг ҳуқуқларини фермерлар ҳимоя қилади. Бу фермерга албатта ёқади. Чунки ҳар бир касб эгаси ўзидан шогирд қолдиришни истайди. Масалан, мен хоҳлайман.

Бу жараёнда фермерлар ўзи ташаббус билан чиқяпти.

— Фермерлик еридан жой олган ёшларга ўзи етиштирган маҳсулоти учун солиқ тўлаш вазифаси юкланмайдими?

— Йўқ, уларга солиқ тўлаш мажбурияти кўрсатилмаган. Ер солиғини фермерлар тўлайди.

— Бу ишсиз ёшларни иш билан таъминлашда яхши амалиёт. Айтинг-чи, у қанчалик узоқ муддатли бўлади, яъни кейинги йилларда ҳам давом этадими ёки бир йилликми?

— Ҳозир бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Мана шу муддатгача давом этади ёки тўхтайди деб айтолмайман.

Top