14:49 / 04.03.2021
11678

Инновацион уруш ёки АҚШнинг глобал технологик устунлиги барҳам топмоқдами?

2000 йилда Хитойда янги технологияларни ривожлантириш учун бюджетдан 5 фоиз маблағ ажратилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 23 фоизга етди. Бу давр мобайнида АҚШда янги технологиялар тараққиётига давлат томонидан ажратилаётган маблағ мамлакат ЯИМга нисбатан камайиб бормоқда.

Фото: The New York Times

Совуқ уруш бошлангандан бери АҚШ технология бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Америка асри деб аталмиш даврда мамлакат космосни забт этди, интернет тармоғига раҳбарлик қилди ва дунё бозорига iPhone ни олиб кирди. Аммо, сўнгги йилларда, Хитой технологик етакчиликка даъвогарлик қилиш учун жуда таъсирли ҳаракатларни амалга оширди, робототехника, сунъий интеллект, микроэлектроника, «яшил энергия» ва бошқа кўплаб соҳаларга юз миллиард доллардан зиёд сармоя киритди.

АҚШ технологик инновацияларни ҳарбий соҳага жалб қилаётган пайтда, Хитой компаниялари бутун дунё бўйлаб 5G симсиз инфратузилмасини сотмоқда, озиқ-овқат таъминотини кучайтириш учун синтетик биологиядан фойдаланмоқда ва кичикроқ ҳамда тезроқ ишлайдиган микрочипларни яратиш бўйича ўзаро пойга қилмоқда. Буларнинг барчаси Хитой технологик қудрати юксалишига замин яратди.

АҚШ сиёсатчилари ҳукуматни илмий-тадқиқот ишларига сарфланадиган маблағни кўпайтириш, виза чекловларини юмшатиш ва маҳаллий истеъдодларни ривожлантириш, шунингдек, иттифоқчи давлатлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга чақираётган бўлса-да, аммо Қўшма Штатлар учун ҳақиқий муаммо анча чуқурроқ: қайси технологиялар муҳимлиги ва уларнинг ривожланишига қандай ёрдам бериш кераклиги тўғрисида ҳукуматда нотўғри тушунча шаклланган.

АҚШ ҳукумати инновацияларни жорий қилишдаги етакчилигини йўқотди

АҚШда йиллар давомида янги технологияларга давлат томонидан ажратилаётган маблағлар мамлакат ЯИМга нисбатан камайишда давом этмоқда. Давлат томонидан молиялаштиришнинг асосий қисми мудофаа вазирлиги манфаатлари йўлида сарфланиб, фуқароларнинг кундалик турмуши учун зарур бўлган соҳалардаги илмий-тадқиқотларга етарли маблағ сарфланмаган.

Бундан ташқари, Вашингтон ва мамлакатдаги хусусий компаниялар ўртасидаги муносабатларда зиддият кучайиб кетди. Натижада хусусий компанияларда шахсий манфаат асосий ўринни эгаллай бошлади. Масалан, Apple халқаро майдонда ўз мақомини йўқотмаслик учун ФҚБга ўз «қулф»ини очишдан бош тортган.

Хитойнинг «тўхтатиб бўлмас» технологиялари

Фото: Getty images

Сўнгги 20 йил ичида Хитой технологияни ўғирлайдиган ва тақлид қиладиган мамлакатдан уни такомиллаштирадиган ва кашф қиладиган мамлакатга айланди. 2000 йилда Хитойда янги технологияларни ривожлантириш учун бюджетдан 5 фоиз маблағ ажратилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилга келиб 23 фоизга етган. Хитой 2025 йилга бориб бу борада дунёда етакчига айланиши прогноз қилинмоқда. Хитойнинг асосий мақсади - «ҳарбий ва фуқаролик бирлашмаси» стратегиясини ҳаётга тўлиқ тарғиб қилишдир.

АҚШдан фарқли ўлароқ, Хитой ҳукумати маҳаллий компанияларни доимий равишда қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Хитойнинг Huawei компанияси дунёда 5G технологияларини сотиш бўйича етакчига айланди. Бунинг асосий сабаби – юқори сифатли 5G технологияли маҳсулотларини Финландия ва Жанубий Кореядаги рақобатчилардан арзон нархларда таклиф қилмоқда. The Wall Street журнали маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати компанияга 75 миллиард долларлик қарз, солиқ имтиёзлари ва грантлар тақдим қилган (таққослаш учун, Ўзбекистон ЯИМ 2020 йилда 57 миллиард долларни ташкил қилган). Шунингдек, ушбу компания «Бир макон, бир йўл» дастурида ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Хитойнинг сунъий интеллект соҳасидаги энг катта муваффақияти миллиардлаб аҳолисини ягона ахборот тизимига бирлаштиришга эришди ва чексиз маълумотлар базасини яратди. Мамлакатда электрон тижорат гиганти Alibaba, WeChat дастурини ишлаб чиққан Tencent, дронлар бозорида ҳукмронлик қиладиган DJI каби сунъий интеллектга асосланган корпорациялар пайдо бўлди.

SenseTime Хитойнинг видеокузатув тармоғи учун юзни аниқлаш технологиясини тақдим этди ва дунёдаги энг қиммат сунъий интеллект компанияси сифатида баҳоланмоқда. Қонун бўйича, ушбу компаниялар разведка мақсадларида давлат билан ҳамкорлик қилишлари шарт, яъни икки томонлама ҳамкорликнинг кучли механизми йиллар давомида яратилди.

Кўпроқ ва кенгроқ ўйлаш

АҚШ Хитойнинг технологик тараққиётини ўзининг ҳарбий қудрати ёрдамида енгишга интилмоқда. Аммо кенгроқ ўйлаганда, Хитойнинг 5G, сунъий интеллект, квант ҳисоблаш ва биотехнология соҳасидаги ютуқлари ҳеч қандай ўқ отишни талаб қилмайдиган улкан рақобат майдонига АҚШни тортмоқда. Технологик устунлик Хитойга жуда катта таъсир ўтказиш имкониятини беради.

Хитой тизимларини сотиб олаётган мамлакатлар шунчаки электр тармоқлари, соғлиқни сақлаш технологиялари ёки онлайн тўлов тизимларини оламиз деб ўйлашлари мумкин, аммо аслида улар муҳим миллий инфратузилмани ва фуқароларнинг маълумотларини Пекин қўлига топширишлари ҳам мумкин. Хитойнинг экспорт технологиялари қайсидир маънода «Троя оти» вазифасини бажаради. АҚШ ҳукумати 5G тармоғига эгалик қилувчи Huawei компаниясига нисбатан санкциялар қўллади. Ғарб мамлакатлари Хитойнинг 5G тармоғини ички маълумотларни ўғирлаш воситаси ёки инқироз пайтида алоқа тармоқларини саботаж қилиши ёки бузиши мумкин деб ҳисоблашмоқда. АҚШ ҳукумати ўзининг Ғарбдаги иттифоқчиларига Хитойнинг 5G тармоғини қабул қилсалар, улар билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатиш бўйича ультиматум қўйган.

АҚШ сиёсатчиларининг фикрига кўра, Жо Байден ҳукумати ҳам ҳарбий ҳам аҳолининг кундалик фаолиятида ишлатиладиган технологияларининг инновациясига етарли миқдорда маблағ ажратмаса, ички бозор ўз эҳтиёжларини Хитой маҳсулотлари ёрдамида таъминлашга интилади.

Президент Жо Байденнинг «орқага қайтиб, яхшироқ қуриш» дастурида илмий-тадқиқотларни кучайтириш учун 300 миллиард доллар сармоя ажратишини эълон қилди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Байден ҳукумати даврида етарли чоралар кўрилмаса, бу давр АҚШнинг глобал иқтисодий ва технологик ҳукмронлигининг охирги босқичи бўлиши мумкин.

Top