Жаҳон | 09:39 / 09.03.2021
3237
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда бир ойга локдаун киритилади

Эстонияда 11 мартдан бошлаб коронавирус тарқалишига қарши қатъий карантин чоралари амал қила бошлайди. Ҳукуматда хабар қилинишича, локдаун камида бир ойга киритилади ва бу мамлакатда коронавируснинг британча штамми тез тарқалаётгани билан боғланган.
        
“Охирги маълумотларнинг кўрсатишича, вируснинг тажовузкорроқ британча штамми Эстонияда прогноз қилингандан жадалроқ тарқалмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимимиз инқироз ҳолатида”, деб айтган Эстония бош вазири Кая Каллас. Унинг таъкидлашича, вазият бутун мамлакат бўйлаб, айниқса пойтахт Таллин ва шимолда кескин тус олган. Калласнинг фикрича, фақат чекловларгина инқироздан чиқишга ёрдам беради.

Локдаун доирасида барча ёшдаги ўқувчилар масофадан ўқишга ўтказилади. Дўконлар, тамаддихоналар ёпилади, оммавий тадбирлар тақиқланади. Кўчаларда “2+2” қоидаси ўрнатилади: бунда 2 киши (бир оила аъзоларидан ташқари) қолган одамлардан 2 метр масофа сақлаган ҳолда ёнма-ён бўла олиши мумкин. Спорт билан фақатгина якка ҳолда шуғулланишга рухсат берилади.

Эстонияда 1-7 март кунлари пандемия бошидан бери энг юқори ҳафталик касалланиш даражаси қайд этилди. Мамлакатда бир ҳафта ичида 9,4 мингдан кўпроқ киши вирусга чалинган. Касалланганлар сони умумий ҳисобда 76,2 мингдан ошиб кетган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид